Ўзбекистон экология ислоҳотлари учун янги катта жамғарма тузилди

Ўзбекистон экология ислоҳотлари учун янги катта жамғарма тузилди

Ўзбекистонда атроф-муҳит муаммоларини тизимли ҳал қилиш мақсадида янги тузилма — Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилди. Мазкур қарор мамлакатнинг экологик барқарорликка қадам қўяётганини, бу соҳани давлат даражасида устувор йўналиш сифатида белгилаётганини яна бир бор тасдиқлади.

Яқин йилларда жамғармага ажратиладиган маблағлар ҳам бежиз эмас. Президент қарорига мувофиқ, 2025 йилнинг ўзида республика бюджети ҳисобидан жамғарма ихтиёрига 900 миллиард сўм йўналтирилади. Бу маблағлар аввало ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, атроф-муҳитни яхшилаш ва давлат қарзига хизмат кўрсатиш учун режалаштирилган тўловларнинг бир қисмини фойдаланиш орқали шакллантирилади.

Октябрь ойида Марказий банк раиси Тимур Ишметов миллий валютанинг мустаҳкамланиши орқали давлат қарзи бўйича 1,3 триллион сўм иқтисод қилинганини маълум қилганди. Энди ана шу тежамнинг бир қисми экологияни яхшилашга йўналтирилмоқда.

2026 йилда жамғарма миқёси янада кенгаяди. Меъёрий ҳужжатга кўра, келаси йил ушбу йўналишларда 548 миллиард сўм сарфланади:

 

– “Яшил макон” лойиҳасини амалга оширишга — 250 миллиард сўм.

– Шаҳар ва туманларда санитар тозалаш ишларига — 150 миллиард сўм.

– Чўлланиш, қум кўчиши ва шамол эрозиясининг олдини олиш учун ҳимоя ўрмонларини барпо этишга — 73,7 миллиард сўм.

– Ўрмон хўжалигига замонавий техникалар сотиб олишга — 66,2 миллиард сўм.

– Биохилма-хиллик, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, табиий ҳудудлар кадастрларини юритишга — 8 миллиард сўм.

2026 йилдан бошлаб жамғарма даромад манбалари янада диверсификация қилинади. Углерод бирликлари савдосидан тушган маблағларнинг 20 фоизи, атроф-муҳитни ифлослантириш учун тўланадиган компенсациялар, суд ва маъмурий жарималар, шунингдек чиқиндиларни жойлаштириш бўйича санкциялардан тушумлар жамғармага йўналтирилади. Шунингдек, импорт қилинган транспорт воситалари учун тўланадиган утилизация йиғимининг бир қисми ҳам шу ерга йўналтирилади.

2027 йилдан бу тизим янада кенгаяди: автотранспорт ва шина маҳсулотлари учун белгиланадиган утилизация йиғимларининг деярли барчаси жамғарма ихтиёрига ўтади. Бу орқали давлат экологик муаммоларни мустақил молиялаштириш имкониятига эга бўлади.

Янги жамғарма фаолияти шаффоф ва жамоатчилик назорати остида ташкил этилади. Тузилган Бошқарув кенгаши 9 аъзодан иборат бўлиб, уларнинг тўрт нафари мустақил жамоатчилик вакилларидан таркиб топади. Кенгашнинг бош вазифаси — жамғарма маблағларини манзилли, оқилона ва очиқ тарзда сарфланишини таъминлаш.

Мамлакатда экологик муаммоларни ҳал этиш бўйича бундай кенг кўламли ва йирик молиявий ҳужжат қабул қилиниши келгуси йилларда атроф-муҳит муҳофазасига янги суръат бағишлаши, ҳудудларнинг яшиллашуви, ҳаёт сифати ва экологик маданиятнинг ошишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: