Туркияда аёллар суратига лайк босган эркак жазоланди
Туркияда ижтимоий тармоқларда бегона аёлларнинг суратига лайк босган эркак суд томонидан айбдор деб топилди. Бу ҳақда “Habertürk” ёзди.
Маълумотларга кўра, эр-хотин ўртасидаги можаролар кучайгач, жуфтлик ажрашиш учун судга мурожаат қилган. Аёлнинг таъкидлашича, турмуш ўртоғи уни таҳқирлаган, моддий ёрдам бермаган ва ижтимоий тармоқларда бошқа аёлларнинг постларини лайклаб, оилавий садоқатни бузган.
Суд бу айбловларни тасдиқлаб, эркакни айбдор деб топган. У собиқ хотинига 500 минг лира миқдорида маънавий зарар тўлашга ҳамда ойма-ой алимент тўлашга мажбур этилган.
Ҳукмда қайд этилишича, бу қарор прецедент сифатида хизмат қилади ва келгусида ўхшаш ишларни кўриб чиқишда ҳам қўлланилиши мумкин.
