1-декабрдан АИ-80 бензини сотуви тўхтатилади
Ўзбекистон Президентининг 18-ноябрдаги қарорига кўра, 1-декабрдан бошлаб АИ-80 бензини автомобил ёнилғи қуйиш шохобчаларида сотилмайди. Ушбу чоралар аҳолига янада сифатли ва экологик тоза ёқилғи етказиб беришни таъминлашга қаратилган. АИ-80 савдосини тўхтатиш жараёнида қатъий назорат ўрнатилиши белгиланган.
Қарорда экология ва шаҳарсозлик соҳасини яхшилашга қаратилган бир қатор вазифалар ҳам белгиланди. Хусусан, республиканинг турли ҳудудларида 18 та дендрология ва 15 та ботаника боғи ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида алоҳида ўрмон хўжалиги ташкил этилиши кўзда тутилган. Пойтахт ва унинг атрофидаги иссиқхоналарни табиий газ билан барқарор таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Тиғиз пайтларда юк машиналарининг шаҳарга кириши ва ҳаракатланиши ҳам вақтинча чекланади.
Қарорга мувофиқ, дарахт ва буталарни кесиш бўйича қарорлар эндиликда фақат коллегиал тартибда, овоз бериш орқали қабул қилинади. Мутасаддилар ушбу чора-тадбирлар экологик муҳитни яхшилаш, ҳавонинг ифлосланишини камайтириш ва аҳолининг ҳаёт сифатини оширишга хизмат қилишини қайд этмоқда.
