Нигериядаги ҳужумда 300 ўқувчи қиз ўғирлаб кетилди

Нигериядаги ҳужумда 300 ўқувчи қиз ўғирлаб кетилди

Нигерия яна дахшатли одам ўғирлаш воқеаси билан ларзага келди. Христианлар ассоциацияси маълумотига кўра, мамлакатдаги католик мактаб-интернатига қилинган узил-кесил ҳужум вақтида 303 нафар ўқувчи қиз ва 12 нафар ўқитувчи зўрлик билан олиб қочилди.

Маълумотларга қараганда, фожеа 21 ноябрга ўтар кечаси Нигер штати Папири қишлоғида юз берган. Қўлларида қурол бўлган бир гуруҳ номаълум шахслар мактаб ҳудудига босқин қилиб кириб, қўриқчини отиб ташлаган ва бинодагиларни мажбуран олиб кетган. Айни пайтда хавфсизлик кучлари юзлаб ўқувчи қизни қидириш ишларини давом эттирмоқда.

Воқеадан кейин мамлакатдаги кўплаб таълим муассасалари хавфсизлик нуқтайи назаридан ёпилган. Президент Бола Тинубу эса юзага келган ҳолат сабаб Жанубий Африканинг Йоханнесбург шаҳридаги G20 саммитида иштирокини бекор қилди.

Нигерияда одам ўғирлаш муаммоси йиллар давомида кескин тус олган. Бир неча кун олдингина Кебби штатидан 25 нафар ўқувчи қиз интернатдан ўғирлаб кетилган, Квара штатида эса черковга ҳужум қилиниб, 38 киши гаровга олинган. Ўғригуруҳлар сўннги кунларда ҳар бир шахс учун 100 миллион найра миқдорида товон пули талаб қилмоқда.

Афсуски, мамлакатнинг шимоли-ғарби ва марказий ҳудудларида фаолият юритувчи қуролли гуруҳлар минглаб одамларни ўғирлаб, кенг ўрмонли ҳудудларда яшириниб юради. Энг ёдда қолган воқеалардан бири 2014 йилда содир бўлган — “Боко Ҳарам” гуруҳи Чибок шаҳридаги лицейдан 276 нафар қизни олиб қочган эди. Amnesty International маълумотларига кўра, уларнинг 82 нафари ҳозиргача топилмаган.

Охирги ҳафталарда вазият яна кескинлашди. АҚШ президенти Дональд Трамп Нигерияда насронийлар ўлдирилишига нисбатан ҳукуматнинг етарли чора кўрмаётганини айтган ва ҳатто ҳарбий юбориш билан таҳдид қилган. Президент Тинубу эса бу айбловларни рад этиб, мамлакатдаги вазиятни ўзи назорат қилаётганини билдирган.

Нигериядаги бу фожеа яна бир бор мамлакатнинг хавфсизлик тизими қай даражада жиддий синов остида эканини кўрсатмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: