1 январда Ўзбекистонда 1094 чақалоқ дунёга келди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати йилнинг илк куни бўйича тезкор маълумотларни эълон қилди. Бу ҳақда upl.uz хабар беради.
Қайд этилишича, 1 январ куни соат 17:00 га қадар (Тошкент вақти билан) Ўзбекистонда жами 1 094 нафар чақалоқ туғилгани рўйхатга олинган. Уларнинг 539 нафари ўғил, 555 нафари қиз болалар.
Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Фарғона вилоятида: бу ерда 138 нафар чақалоқ туғилди. Кейинги ўринларда Сурхондарё (135), Самарқанд (125), Қашқадарё (121) ва Наманган (110) вилоятлари қайд этилди.
Энг кам туғилиш Сирдарё вилоятида кузатилди — атиги 19 нафар чақалоқ.
Вазирлик маълумотига кўра, янги туғилганлар орасида 15 та эгизак, 1 та уч эгизак ва 1 та тўрт эгизак ҳолати бор. Жами ҳисобда бу кўп ҳомилали туғилишлар 37 нафар болани ташкил этди.
Шунингдек, аввалги йилларнинг шу давридаги кўрсаткичлар ҳам келтирилди: 2020 йилда — 1 111, 2021 йилда — 1 086, 2022 йилда — 1 448, 2023 йилда — 1 312, 2024 йилда — 1 043, 2025 йилда — 1 040 нафар чақалоқ туғилгани қайд этилган.
