Зеленский Украина Бош разведка бошқармаси бошлиғи Будановга Президент девонини бошқаришни таклиф қилди
Бу ҳақда Украина президенти ўзининг Тelegram-каналида маълум қилди.
«Бугун Украина хавфсизлик масалаларига, Мудофаа ва хавфсизлик кучларини ривожлантиришга, шунингдек, музокаралардаги дипломатик йўналишга янада кўпроқ эътибор қаратиши лозим. Президент девони эса, аввало, давлатимиз олдидаги айнан шу вазифаларни бажаришга хизмат қилади», — деб ёзди Украина етакчиси.
Володимир Зеленский Кирилл Буданов хавфсизлик ва мудофаа соҳасида катта тажрибага ҳамда натижаларга эришиш учун етарли кучга эга эканини таъкидлади.
Шунингдек, Зеленский Президент девонининг янги раҳбарига Миллий хавфсизлик кенгаши котиби ва бошқа тегишли институтлар билан ҳамкорликда давлатнинг мудофаа ва ривожланиш бўйича стратегик асосларини янгилаш, уларни тасдиқлаш учун тақдим этиш, шунингдек бу йўналишдаги кейинги қадамларни тайёрлаш вазифасини топширди.
2025 йил ноябр ойининг охирида Украинанинг коррупцияга қарши кураш органлари Президент девони раҳбари Андрей Ермакнинг уйида тинтув ўтказганди, бироқ унга қарши қандайдир айб қўйилмаган. Кўп ўтмай, Ермак истеъфога чиқишини эълон қилди. “Энергоатом” давлат компанияси билан боғлиқ коррупция можароси бошланганидан сўнг мухолифлар ҳам, Зеленскийнинг сафдошлари ҳам президентни Ермакни ишдан бўшатишга чақирганди.
