Ўзбекистон 2030 йилгача визасиз бориш мумкин бўлган давлатлар сонини 50 тага етказилиши кутилмоқда

Ўзбекистон 2030 йилгача визасиз бориш мумкин бўлган давлатлар сонини 50 тага етказилиши кутилмоқда

Ўзбекистон 2030 йилгача визасиз бориш мумкин бўлган давлатлар сонини 50 тага, соддалаштирилган кириш режимига эга мамлакатлар сонини эса 60 тага етказишни режалаштирмоқда.

2030 йилга бориб ўзбекистонликлар 50 та давлатга визасиз бориши мумкин бўлади. Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган янгиланган Ўзбекистон-2030 стратегияси лойиҳасида сўз боради.

Лойиҳа билан консуллик хизматларини амалга оширувчи мобил платформа яратиш режалаштирилмоқда. Рақамлаштириш орқали 2026 йилда фойдаланувчилар сони амалдаги 8,5 минг нафардан 15 минг нафарга етказилади. 2030 йилга бориб, жами 100 мингта фойдаланувчини қамраб олиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, кейинги беш йилда Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз кириш мумкин бўлган мамлакатлар сонини 50 тага етказиш мақсад қилинмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон 2026 йилда 2 та (жами 37 та), 2027 йилда эса 5 та (42) давлат билан виза талабларини енгиллаштириш бўйича келишувга эришиш режалаштирилмоқда. Шу тариқа, улар сони 2028 йилда 45 тага, 2029 йилда 48 та ҳамда 2030 йилда 50 тага етказилади.

Шу билан бирга, 2026 йилдан 2030 йилгача ўзбекистонликлар учун соддалаштирилган тартибда кириш мумкин бўлган давлатлар сони 60 тага етказилади.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, бугунги кунда ўзбекистонликлар 35 та давлатга визасиз сафар қилиши мумкин, шундан 31 та давлатга тўлиқ визасиз кириш имконияти мавжуд. Яна 42 та давлат билан соддалаштирилган кириш режимлари амал қилмоқда — уларнинг айримларига келган вақтда виза олиш ёки электрон виза расмийлаштириш мумкин.

“Шу билан бирга, Европа Иттифоқи ва бошқа қатор давлатлар билан ишчи ва туристик визаларни енгиллаштириш бўйича музокаралар изчил давом эттирилмоқда. Бу борадаги ишлар босқичма-босқич, аниқ натижаларга йўналтирилган”, — дейилади хабарда.

Ўзбекистон 2025 йилнинг 1 июнидан бошлаб Хитой, 25-сентабридан эса Иордания билан визасиз режим жорий қилди. Ўзбекистонликлар ҳар икки давлат ҳудудида 30 кунгача визасиз қолишлари мумкин.

 

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: