Солиқ қўмитаси чек бермасдан савдо қилиш учун жарималарни эслатди

Солиқ қўмитаси чек бермасдан савдо қилиш учун жарималарни эслатди

Ўзбекистон Солиқ қўмитаси матбуот хизмати тадбиркорлар учун муҳим эслатма эълон қилди. Унда аҳолига нақд ҳисоб-китоб қилинадиган савдо ва хизматларда онлайн-касса ҳамда виртуал касса тизимларидан фойдаланиш мажбурий экани таъкидланди. Бу ҳақда upl.uz хабар беради.

Қўмита маълумотига кўра, харид тўлов терминали орқали бўладими ёки нақд пул биланми — барибир мижозга QR-код ва фискал белги туширилган чек берилиши шарт. Шунингдек, бошқа шахс номига расмийлаштирилган тўлов терминалларидан фойдаланиш қатъиян тақиқлангани алоҳида қайд этилди.

Аҳолидан тўловлар электрон тўлов тизимлари ёки электрон тижорат платформалари (маркетплейслар) орқали қабул қилинганда эса, харидорга электрон фискал чек тақдим этилиши белгиланган.

Талаблар бузилган тақдирда Солиқ кодексининг 221-моддасига мувофиқ жарималар қўлланади: мажбурий бўлган жойда касса аппарати ва ҳисоб-китоб терминалисиз савдо қилиш ёки хизмат кўрсатиш, шунингдек мажбурий ҳужжатларни (квитанция, купон, чек ва тенглаштирилган ҳужжатлар) бермаслик ҳамда терминал орқали тўловни қабул қилишни рад этиш — 5 миллион сўм.

Бундан ташқари, солиқ органларида рўйхатдан ўтмаган касса аппарати ёки ҳисоб-китоб терминалидан фойдаланган ҳолда савдо қилиш ёки хизмат кўрсатиш, ёхуд харидорга тегишли чек (ёки унга тенглаштирилган ҳужжат) тақдим этмаслик ҳолатлари учун — 7 миллион сўм жарима белгиланган.

Қўмита огоҳлантиришича, солиқ тўловчи бошқа биров номига рўйхатдан ўтган терминаллардан фойдаланса, шунингдек техник талабларга жавоб бермайдиган ёки сервис дастури носоз касса ускунасини ишлатса, жарима миқдори 20 миллион сўмни ташкил этади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: