Янги уруш. АҚШ Венесуэла пойтахти Каракас шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларга ҳужум қилган. Президент қўлга олинган. Уруш тафсилотлари мақоламизда
Бугун тунда Венесуэла пойтахти Каракас шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда камида еттита кучли портлаш содир бўлган. Мамлакат ҳукумати ушбу ҳолатни АҚШ томонидан амалга оширилган «ҳарбий агрессия» деб атади ва мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Маҳаллий вақт билан тахминан соат 02:00 атрофида Каракас аҳолиси кетма-кет портлаш овозлари ва пастлаб учаётган ҳарбий самолётлар шовқинидан уйғонган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, портлашлар шу қадар кучли бўлганки, турар-жой биноларининг деразалари ларзага келган.
Портлашлар асосан ҳарбий ва стратегик объектларда кузатилган. Жумладан, шаҳар марказидаги «La Carlota» ҳарбий аэродроми ва мамлакатдаги энг йирик ҳарбий комплекс — «Fuerte Tiuna» ҳудудидан қора тутун кўтарилгани хабар қилинмоқда.
Пойтахтнинг жанубий туманларида электр таъминоти узилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда тунги осмонни ёритган олов шари ва ваҳимага тушган аҳолининг кўчаларга чиқиб кетгани акс этган.
Венесуэла президенти Николас Мадуро миллий мудофаа режаларини ишга туширишга буйруқ берган. Ҳукумат баёнотида айтилишича, ҳужумдан мақсад «Венесуэланинг табиий бойликлари, хусусан, нефть ва минерал захираларини эгаллаш» ҳисобланади.
АҚШ маъмурияти ҳозирча воқеа юзасидан расмий баёнот бермаган бўлса-да, айрим ОАВ вакиллари ва расмийлар Оқ уйнинг ушбу амалиётга алоқадорлигини тасдиқловчи маълумотларни тарқатмоқда. Эътиборлиси, ҳужумдан бир неча соат аввал АҚШ Федерал авиация бошқармаси (FAA) Америка фуқаролик авиациясига Венесуэла ҳаво ҳудудида парвоз қилишни тақиқлаган эди.
Мазкур воқеа АҚШ ва Венесуэла ўртасидаги кўп йиллик совуқ муносабатларнинг янги ва хавфли босқичига ўтганини англатади. Қуйидаги омиллар вазиятнинг нечоғлик жиддийлигини кўрсатади. Илгари АҚШ санкциялар ёки денгиздаги махсус амалиётлар (наркотрафикка қарши кураш ниқоби остида) билан чекланган бўлса, Каракаснинг ўзига берилган зарбалар «очиқ ҳарбий конфликт» сифатида баҳоланиши мумкин. Колумбия президенти Густаво Петро аллақачон БМТ Хавфсизлик кенгашини зудлик билан йиғилишга чақиргаг. Бу воқеа Лотин Америкаси минтақасидаги барқарорликка жиддий таҳдид солиши айтилган.
Мадуро ҳукумати ушбу ҳужумдан аҳолини «ташқи душман»га қарши бирлаштириш ва ички сиёсий позицияларини мустаҳкамлаш учун фойдаланиши кутилмоқда. Ҳозирда дунё ҳамжамияти Вашингтоннинг расмий изоҳини кутмоқда. Агар бу АҚШнинг режали ҳарбий амалиёти экани тасдиқланса, бу Халқаро ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ва минтақада кенг кўламли уруш бошланиш хавфини юзага келтиради.

Кейинчалик, Дональд Трампнинг қайд этишича, АҚШ ҳарбийлари Мадуро ва унинг рафиқасини қўлга олиб, мамлакатдан олиб чиқиб кетганини ёзган.
Воқеалар кескинлашишда давом этмоқда. Янги йил дунё остонасида янги уруш билан бошланди.
