Абдуқодир Ҳусанов Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси бўлди
Goalpost нашри томонидан ўтказилган овоз бериш якунларига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда Англиянинг “Манчестер Сити” клуби марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов 2025 йилнинг Осиёдаги энг яхши ёш футболчиси деб эътироф этилди.
Овоз бериш жараёнида Ҳусанов Осиёнинг бир қатор истиқболли футболчиларини, жумладан Ўзбекистон, Австралия, Индонезия, Корея Республикаси ва Ироқ вакилларини ортда қолдирди. Ушбу рўйхатда, шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Туркиянинг “Башакшеҳир” клуби футболчиси Аббосбек Файзуллаев ҳам бор эди.

21 ёшли футболчи учун 2025 йил фаолиятидаги муҳим босқич бўлди. Январь ойида у “Манчестер Сити”га кўчиб ўтгач, Англия Премьер Лигасида майдонга тушган илк ўзбекистонлик футболчига айланди. Июнь ойида эса Ҳусанов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Жаҳон чемпионатига йўлланма қўлга киритилишига муносиб ҳисса қўшди. Жорий мавсумда у Манчестер клуби таркибида 9 та учрашувда майдонга тушди.
Шунингдек, Абдуқодир Ҳусанов The Athletic нашрининг Жаҳон чемпионатида иштирок этувчи энг кучли 100 нафар футболчи рейтингида 86-ўринни эгаллади. Бу унинг халқаро миқёсдаги нуфузи тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Маълумот учун, Абдуқодир Ҳусанов айни пайтда Осиёдаги энг қиммат футболчи сифатида ҳам эътироф этилмоқда. У 2025 йил бошида Франциянинг “Ланс” клубидан “Манчестер Сити”га кўчиб ўтган бўлиб, ушбу трансфер қиймати 40 миллион фунт стерлингни ташкил этган.
Transfermarkt портали эса ҳимоячининг бозор қийматини 35 миллион еврога баҳоламоқда.
