Озода Раҳмон Қобилжоннинг онасига 30 минг доллар миқдорида ёрдам берди
Тожикистон Президенти ижро аппарати раҳбари, президент Имомали Раҳмоннинг қизи Озода Раҳмон Москвада содир бўлган фожиали воқеа ортидан 10 ёшли Қобилжон Алиевнинг онаси Нилуфар Сафоевага 300 минг сомоний (тахминан 30 минг АҚШ доллари) миқдорида моддий ёрдам тақдим этди. Бу ҳақда «Ховар» давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Расмийларга кўра, ушбу ташаббус жамиятда бирдамлик, меҳр-оқибат ва инсоний қадриятларни намоён этиш мақсадини кўзлайди.
Аввалроқ Тожикистон ҳукумати Қобилжоннинг онасига уй совға қилган, шунингдек, тадбиркор Умар Алиматов уни ойига 10 минг сомоний маошли иш билан таъминлаш мажбуриятини олгани маълум қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, 16 декабрь куни Москва вилоятидаги мактабда 15 ёшли ўқувчи ҳужуми оқибатида 4-синфда таҳсил олаётган Қобилжон Алиев ҳалок бўлган эди. Мазкур ҳолат кенг жамоатчилик норозилигига сабаб бўлиб, Тожикистон ва Россия расмийлари воқеани кескин қоралаган, айбдорлар қонун олдида жавоб бериши таъкидланган.
