Тошкентда бир йилда 1500 киши дори ичиб, ўз жонига суиқасд қилган
Ўзбекистонда 2025 йилда дори воситаларини ўзбошимчалик билан шифокор тавсиясисиз қабул қилиш ортидан тез тиббий ёрдамга мурожаатлар кўпайган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров маълум қилди.
Вазирнинг айтишича, электрон рецепт тизими дориларнинг ножўя таъсирининг олдини олиш мақсадида жорий этилмоқда. Чунки айрим одамлар дорихоналардан шифокорлар тавсиясисиз дори сотиб олиб, истеъмол қилади. Оқибатда соғлиқ билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда.
“Республикада 2025 йилда дори воситаларини ўзбошимчалик билан шифокор тавсиясисиз қабул қилган 24 мингдан ортиқ бемор тез тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Шундан 418 та ҳолатда анафилактик шок юзага келган. 7 017 та ҳолатда доридан заҳарланиш ташхиси қўйилган, заҳарланиш шок ҳолатигача бормаган. Ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатлари ҳам жуда муҳим масала. Йил давомида Тошкент шаҳридаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига (халқ тилидаги “16-горболница”) 2500 та бемор мурожаат қилган. Уларнинг 1500 нафари ўз жонига суиқасд қилиш мақсадида айнан дори воситасини ичган. Шифокор тавсия бермаган бўлса, дорини қаердан олди? Тартибсизлик натижасида тўғри келган дорихонага борсангиз сотишади”, деди вазирлик раҳбари.
Асилбек Худаяров электрон рецепт тизимида ким қанақа дори ёзгани, қайси дорихонадан неча пулга харид қилинганини кузатиб бориш имконияти яратилишини билдирди.
“Мисол учун, туғруқхоналарни оладиган бўлсак, ўртача 120 турдаги дори воситалари, тиббий буюмлар давлат томонидан бепул бериладиган пайтда 70 фоизи, яъни 85 таси рецепт билан бериладиган дорилар ҳисобланади. Бунгача шифохонада мавжуд бўлган дори бюджет томонидан таъминланган. Лекин шифокорлар томонидан беморларга ҳеч қандай тўсиқсиз шифохонада мавжуд бўлган кафолатланган пакетдаги дори воситасини ҳам ёзиб бериш ҳолатлари аниқланган”, деди у.
Янги тизим шифокор ва фармацевтика компаниялари ўртасидаги коррупцияга барҳам беришига ишонилмоқда.
“Электрон рецепт тизимида фақатгина дорининг халқаро номи ёзилади, савдо номини ёзиш имконияти чегараланган. Бу норасмий келишувларни чеклайди. Бундан ташқари, айрим шифокорлар 10-15 та дори ёзиб беради. Лекин электрон рецептда клиник протоколлар асосида бештагача дори ёзиш мумкин. Бештадан ортиқ дори ёзиладиган бўлса, албатта консилиум натижасида асослантириш шарт. Маълум шифокорлар бу нарсани бош оғриқ деб хоҳламай, орқага қайтишга мажбур бўлади. Шифокорларнинг тўғри ташхис қўйиш, рецепт ёзишда масъулияти, жавобгарлиги оширилади. Яъни ҳар бир дори шифокор томонидан тайинланиши керак. Шифокор доимий рақамли кузатув объектига айланади. Беморга ташхисни, даволаш тавсиясини дорихона ёки дорихоначи эмас, шифокор тайинлаши керак. Хоҳлаган аптекага кирамиз, бошим оғрияпти дейсиз. Келиб чиқиши ва маълумоти бизга номаълум бўлган шахс дорихонада ўтириб, бош оғриғига дори тавсия қилади. Бу нарсага чек қўйиш керак”, деди Аслибек Худаяров.
Маълум қилинишича, ҳозирда электрон рецепт тизимини Тошкент шаҳри ва 15 та тажриба-синов ҳудудида босқичма-босқич жорий этилди. Республиканинг қолган ҳудудларида эса тизимга босқичма-босқич ўтказилади.
