Россияда қарзи бор мигрантларга меҳнат патенти берилиши ва узайтирилиши тақиқланмоқда
Давлат думаси депутатлари байрамлардан сўнг Россия судлари қарорларини бажармаётган, шу жумладан, қарздорлиги мавжуд бўлган чет элликларга меҳнат патентларини беришни рад этиш ёки узайтирмаслик тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритади.
Бу ҳақда ТАССга Давлат думасининг меҳнат, ижтимоий сиёсат ва фахрийлар ишлари бўйича қўмитаси раиси Ярослав Нилов маълум қилди.
«Мен ва ҳамкасбларим фикрича, суд қарорига қарамай қарзини қасддан тўламайдиган мигрантларга меҳнат патенти беришни рад этиш механизмини жорий этиш зарур. Ҳукуматга ушбу қонун лойиҳаси юборилди, у баҳорги сессиядаёқ Давлат думасига киритилади», — деди Нилов.
Унинг тушунтиришича, мазкур ташаббус “чет элликларнинг қарзлари билан курашиш учун рағбатлантирувчи воситалардан бири” бўлиши мумкин.
«Бу қарздор шахс патентни узайтириш учун ўз қарзини мажбурий тартибда тўлаши шарт бўлган шароитларни яратиш учун зарур», — деди депутат.
Илгари Нилов маълум қилганидек, таклиф этилаётган тузатишларда меҳнат патентини бекор қилиш учун асос Россия суди қарорини қасддан бажармаслик ҳисобланади.
Аввалроқ Россия Ички ишлар вазирлиги меҳнат патентларини расмийлаштириш ва бериш регламентини янгилаш тўғрисидаги буйруқ лойиҳасини эълон қилган эди. Унга кўра, агар чет эллик шахс гиёҳванд моддалар истеъмол қилса, хавфли юқумли касалликларга чалинган бўлса ёки тиббий кўрик натижалари бўйича ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этмаса, унга патент берилмаслиги кўзда тутилмоқда.
