Эрондаги исёнлар 25 та шаҳарни қамраб олди
Мамлакатнинг ғарбий ва жануби-ғарбий вилоятларида исёнчилар ва полиция ўртасида тўқнашувларда қон тўкилди. Расмий маълумотларга кўра, тартибсизликлар давомида камида 15 киши ҳалок бўлди, улар орасида хавфсизлик кучлари ходимлари ҳам бор.
Ёсуж шаҳри маркази исёнчилар назоратига ўтган, Марвдаштда эса улар полиция биносини эгаллаган. Эроннинг 31 вилоятидан 22 тасида исёнлар авжига чиққан. Ҳозирча номаълум сабабларга кўра, Теҳрон ғарбидаги Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси базасида кучли портлаш содир бўлган.
Намойишчиларнинг шиорлари ниҳоятда қатъий ва очиқ: «Диктаторга ўлим», «Бу охирги жанг, Паҳлавий қайтиб келади», «Тахт вориси, қаердасан? Бизни қутқар», «Яшасин шоҳ!».
Эрон олий раҳнамоси Али Хоманаий содир бўлаётган воқеаларни изоҳларкан, намойишчиларнинг талаблари «адолатли» эканини айтди. Шу билан бирга, у «исёнчиларни жойига тушириб қўйиш керак», деган.
