Ўзбекистонда ҳаво ифлосланиши қачонгача давом этади?
Ўзбекистонда ҳаво ифлосланишини кучайтирган ҳарорат инверсияси 16-17 январга қадар сақланиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси ўринбосари Искандар Қутбиддинов хабар берди.
Қўмита вакилига кўра, ушбу ҳодиса кундузги ва кечки ҳаво ҳароратининг айрим ҳолларда 14 даражагача кескин фарқ қилиши, туман тушиши, шамол тезлигини пасайиши натижасида ифлослантирувчи моддаларнинг атмосфера ҳавосида тарқалишини қийинлаштирмоқда.
Таъкидланишича, махсус комиссия ўз фаолиятини тўхтатгани йўқ. Экологик ҳолат юзасидан аҳолига мунтазам ахборот бериш билан бирга тегишли ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирмоқда.
Билдирилишича, бугунги кунда Махсус комиссиясининг эътибори саноат ва хўжалик объектларида экологик рейдлар ва назорат тадбирларига қаратилган.
Ноқулай об-ҳаво шароитида атмосфера ҳавосига антропоген, яъни инсоний фаолиятнинг юкламасини камайтириш учун корхоналарнинг қувватлари чекланмоқда ва айримларининг фаолияти тўхтатилмоқда.
1-7 январь кунлари Тошкент шаҳридаги 12 та ва Тошкент вилоятидаги 22 та ишлаб чиқариш корхонасида текширувлар ўтказилган ҳамда чоралар кўрилган. Атмосфера ҳавосини ифлослантирган ўнлаб автотранспорт воситаларига нисбатан маъмурий чоралар қўлланилган.
“Шу билан бирга, профилактик чоралар ҳам амалга оширилмоқда: ташлама манбалари устидан мониторинг кучайтирилди, атмосфера ҳавоси сифати тезкор баҳолаб борилмоқда”, дейди Қутбиддинов. Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, ноқулай метеорологик шароитлар 16-17 январь санасига қадар сақланиши кутилмоқда. Антициклонлар келиши натижасида ёғингарчилик ёғиши ва шамол тезлиги ошиши билан атмосфера ҳавоси сифати нормаллашуви кутилмоқда.
Ҳарорат инверсияси қисқа муддатли ва олдиндан прогноз қилинадиган метеорологик ҳодиса бўлиб, бу даврда давлат ташкилотлари кучайтирилган режимда иш олиб боради ва ифлосланишни юмшатиш учун синовдан ўтган чора-тадбирлар амалга оширилади.
Қўшимча қилинишича, махсус комиссия томонидан экологик рейдлар ва мониторинг тадбирлари инверсия якунлангач ҳам давом эттирилади. Кўрилаётган барча чоралар юзага келган хавфларни минималлаштириш ҳамда аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
