Эронда норозилик намойишлари борган сари авж олмоқда
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, 8 январ oқшомида Теҳронда узлуксиз ўқ овозлари эшитилган. Эрон давлат матбуоти эса ҳукумат йирик шаҳарларга Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бўлинмаларини жойлаштирганини маълум қилди.
CNN’нинг қайд этишича, намойишлар мамлакатдаги оғир иқтисодий аҳвол туфайли келиб чиққан, расмийлар эса жамоатчилик норозилигига сабаб бўлаётган муаммоларга ечим таклиф қилмасдан, норозиликларни куч билан бостирмоқда. Айниқса мамлакатнинг ғарбий вилоятларида кескин тўқнашувлар кузатилмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, 28 декабрдан бери давом этаётган норозилик намойишларида камида 45 нафар фуқаро ва тўрт нафар хавфсизлик ходими ҳалок бўлган, шунингдек, 2200 нафар намойишчи ҳибсга олинган. Бироқ ҳукумат томонидан ҳозирча расмий маълумотлар берилмаган.
