Футбол. Ўз тарихида 14-бор мамлакат суперкубогини қўлга киритган «ПСЖ», Саудиядаги Мадрид дербиси ва «замбарак» гол, «Милан»нинг омадсиз юриши, Лондондаги марказий ўйин шарҳи (+Видео)

Футбол. Ўз тарихида 14-бор мамлакат суперкубогини қўлга киритган «ПСЖ», Саудиядаги Мадрид дербиси ва «замбарак» гол, «Милан»нинг омадсиз юриши, Лондондаги марказий ўйин шарҳи (+Видео)

Кувайтда ўтган Франция суперкубоги учун баҳсда Франция чемпионати ва кубоги ғолиби «ПСЖ» мамлакат вице-чемпиони «Марсел» билан рўбарў келди. Асосий вақтда Де Зерби жамоаси камбэк амалга ошириб, иродали ғалабага яқин келди. Аммо 90+5-дақиқада Рамуш парижликларни серияга олиб ўтган голга муаллифлик қилди. «Лотерея»да эса Шеваленинг 2 та сейви Энрике жамоасига навбатдаги совринни келтирди. Шу тариқа «ПСЖ» ўз тарихида 14-бор мамлакат суперкубогини қўлга киритди.

Саудия Арабистонида ўтаётган Испания суперкубогида иккинчи финалчи ҳам аниқланди. Мадрид дербисида «Реал» Валверде ва Родригонинг голлари эвазига «Атлетико» устидан ғалаба қозониб, соврин учун ҳал қилувчи баҳсда қатнашадиган бўлди. Эслатиб ўтамиз, биринчи яримфиналда «Барселона» «Атлетик»ни йирик ҳисобда мағлуб этганди. Шу тариқа 11 январ кунги финалда «Эл Класико» бўлади.

Италия чемпионатининг 19-туридан ўрин олган сўнгги баҳсда «Милан» ўз уйида «Женоа»ни қабул қилиб, 90+2-дақиқадаги гол эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди. Эътиборлиси, генуяликлар ғалабани илиб кетишлари мумкин эди, аммо 90+9-дақиқада Станчу пеналтини ноаниқ амалга оширди. Аллегри жамоаси 39 очко билан 2-ўринда қолди ва энди пешқадам «Интер» билан фарқ 3 очкони ташқил қилмоқда. Де Росси бошқарувидаги «Женоа» эса очколарини 16 тага етказиб, 17-поғонага жойлашган.

Англия чемпионатининг 21-тури Лондондаги марказий ўйин билан якунланди ва унда «Арсенал» «Ливерпул»ни қабул қилиб, голсиз дуранг қайд этди. Беллашувда дарвозаларга атиги 4 та аниқ зарба берилди. Артета жамоаси очколарини 49 тага етказиб, 1-ўринни эгаллаб турибди ва энг яқин таъқибчиси «Манчестер Сити»ни 6 очкога ортда қолдирмоқда. Амалдаги чемпион «Ливерпул» эса 35 очко билан 4-поғонада.

Кун ўйинлари натижалари:

АПЛ. 21-тур
Арсенал — Ливерпул 0:0

Испания суперкубоги. Яримфинал
Атлетико — Реал 1:2

А Серия. 19-тур
Кремонезе — Каляри 2:2
Милан — Женоа 1:1

Франция суперкубоги. Финал
ПСЖ — Марсел 2:2, пен — 4:1

Саудия Пролигаси. 14-тур
Ал Ҳилол — Ал Ҳазм 3:0
Ан Наср — Ал Қодисия 1:2

U-23 Осиё кубоги. 1-тур
Австралия — Таиланд 2:1
Ироқ — Хитой 0:0

Дўстларингизга ҳам юборинг: