Ўзбекистон–Хитой археологлари Қува шаҳристони деворларининг қадимий қисмларини аниқлади
Фарғона водийсида Ўзбекистон ва Хитой археологлари Қува шаҳристонига тегишли қадимий мудофаа деворларининг парчаларини топди. Мутахассислар топилма даврини милоддан аввалги III асрдан милодий X асргача бўлган оралиққа мансуб, дея баҳоламоқда. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Топилма «Лоян – Фарғона» қўшма экспедицияси ишлари давомида қайд этилди. Экспедиция иштирокчиларига кўра, бу далил Буюк Ипак йўли бўйлаб шаклланган шаҳарлардан бирининг тарихий тараққиёти ҳамда Шарқ ва Ғарб ўртасидаги алоқаларни ёритишда муҳим ашёвий манба бўлиб хизмат қилади.
Қува шаҳристони Ўзбекистоннинг шарқий қисмида жойлашган бўлиб, майдони қарийб 110 минг квадрат метрни ташкил этади. Қадимда ушбу ҳудуд Ипак йўлининг йирик тугунларидан бири бўлган ва икки минг йилдан ортиқ вақт давомида Хитой билан мунтазам алоқаларни сақлаб келган.
Дастлабки таҳлиллар мудофаа иншоотлари турли даврларда бир неча бор қайта қурилганини кўрсатди: Парфия подшолиги, Давон давлати ва Суғдиёна даврларидан тортиб Сомонийлар замонигача. Хитой томони раҳбари Лю Биннинг таъкидлашича, девор қурилишидаги технологик ўзгаришлар турли асрларда қайси материаллар қўллангани ва минтақалар ўртасида маданий алмашинув қандай кечганини англашга ёрдам беради.
Қўшма археологик гуруҳ 2023 йилда Лоян археология институти ҳамда Фарғона давлат университети ҳамкорлигида тузилган. Ҳозиргача ҳудуддан саройлар, шаҳар дарвозалари, деворлар, турар жойлар, кўчалар ва ҳунармандчилик устахоналари излари топилган. Олимлар келаси йилда сарой мажмуасида тизимли қазиш ишларини бошлашни, натижада қадимий шаҳар режасини ва унинг функцияларини тўлиқроқ тиклашни режалаштирмоқда.
