Сурхондарёда аёл ва боласини молхонада сақлаганлар қамалди

Сурхондарёда аёл ва боласини молхонада сақлаганлар қамалди

Ўтган йилнинг 26 август куни Узун туманидаги маҳаллаларнинг бирида номаълум аёл киши антисанитария ҳолатида хонадон эгалари томонидан молхонада мажбурий ушлаб турилгани ҳақида ИИБга хабар тушган. Шунга асосан, маҳалла профилактика инспектори зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, хонадон эгаларининг қаршилигига қарамасдан молхона эшигини бузган.

Натижада 1981 йилда туғилган хонадон эгаси Ш.А. молхонада 1997 йилда туғилган турмуш ўртоғи Х.Г. ва унинг 5 ойлик ўғил фарзандини оғир шароитда мажбурлаб сақлаб келаётгани аниқланган. Жабрланувчилар зудлик билан тиббиёт муассасасига жойлаштирилган.

Ҳолат ўрганилганда хонадон эгаси фуқаро Ш.А. шу хонадонда яшовчи онаси ва яқин қариндошлари билан олдиндан тил бириктириб, турмуш ўртоғи Х.Г.нинг руҳий ҳолатидаги ўзгаришларидан (тилида нуқсони борлиги, фикрларини тўлиқ баён қилишга қийналиши) фойдаланиб, бир неча ой давомида унга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ишлатиб, мажбурлаб, хонадон ичидаги молхонада яширин равишда сақлаб келгани аниқ бўлган.

Суд ҳукми билан А.Ш.га 13 йил, М.Ш. ва К.Ш.га 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, З.А.га 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: