Таиланднинг Пхукет оролида вояга етмаган қизга нисбатан номақбул ҳаракатлар содир этганликда айбланаётган Ўзбекистон фуқароси қамалиши мумкин
Пхукет оролида 37 ёшли Ўзбекистон фуқароси вояга етмаган қизга нисбатан номақбул ҳаракатлар содир этганликда айбланиб, полиция томонидан қўлга олинган. Таиланднинг янгиланган қонунчилигига кўра, унга 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши мумкин.
«The Phuket News» нашрининг хабар беришича, воқеа 11 январь куни соат 22:20 атрофида Май-Кхао туманидаги «Golden Cat» ресторанида юз берган. Гумонланувчи 16 ёшли маҳаллий қизни ҳожатхонадан чиқишида тўхтатиб, куч ишлатиб ичкарига қайтариб киритган ва унга нисбатан уятсиз ҳаракатлар содир этган.
Қизнинг қичқириғини эшитган ресторан меҳмонлари дарҳол ёрдамга келиб, чет эллик эркакни полиция келгунига қадар ушлаб туришган.
Тха-Чат-Чай полиция бўлими ходимлари воқеа жойига етиб келиб, гумонланувчини ҳибсга олган ва тергов ҳаракатларини бошлаган.
Таиландда 2025 йил охирида жинсий жиноятларга оид қонунчилик кучайтирилган. Янги тартибга кўра, вояга етмаганларга нисбатан розиликсиз тегиниш ва ножўя ҳаракатлар оғир жиноят ҳисобланиб, 10 йилгача қамоқ жазосини кўзда тутади.
Айни дамда айбланувчига нисбатан тергов жараёни давом этмоқда.
