Канада Трампнинг «Тинчлик кенгаши»га 1 млрд доллар эвазига қўшилиш имкониятини кўриб чиқмоқда
Канада АҚШ президенти Дональд Трамп ташаббуси билан тузилаётган ва Ғазо бўйича кейинги қадамларни мувофиқлаштириши керак бўлган «Тинчлик кенгаши»га аъзо бўлиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бироқ аъзолик учун талаб қилинаётган 1 миллиард доллар қандай мақсадларга сарфланиши ҳозирча ноаниқ.
Report хабарига кўра, бу ҳақда Канада бош вазири Марк Карни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида журналистларга маълум қилди. Унинг айтишича, Трамп бу масалани бир неча ҳафта олдин кўтарган, аммо ташаббуснинг тузилиши ва молиялаштириш механизми ҳали тўлиқ аниқ эмас.
Карни Канада ушбу маблағлар максимал самара бериши тарафдори эканини таъкидлаб, Ғазо аҳолисига кенг кўламли ва тўсиқларсиз гуманитар ёрдам етказиш ҳали ҳам таъминланмаганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бу кейинги ҳаракатлар учун асосий шарт ҳисобланади.
