Корея ўзбекистонликларга ишчи виза беришни тўхтатиши мумкин
Жанубий Кореяда ўзбекистонлик ноқонуний ишчилар сони кўпайса, мамлакат ишчи виза берилишини тўхтатади. Бу ҳақда 17 январь куни Жанубий Кореядаги Ўзбекистонинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Абдусаломов элчилар ва тадбиркорлар ўртасида ўтказилган очиқ мулоқот давомида маълум қилди.
Алишер Абдусаломовнинг сўзларига кўра, йиллик квота доирасида 5 минг нафар мигрантни Кореяга юбориш режалаштирилган бўлса-да, амалда йилига тахминан 600 нафар фуқаро юборилмоқда. Бунинг асосий сабаби иш берувчилар ўзбекистонликларни танламаётгани.
“Юборилаётган ишчиларимиз, бошқа жойга нолегал бўлиб ўтиб кетиш ҳолати жудаям кўп. Ҳозирда Кореядаги умумий аҳолимиздан 9 фоизи нолегал ҳисобланади. Агар бу кўрсатгич 10 фоизга етса, Корея Адлия вазирлиги томонидан виза бериш тўхтатилади. Бу нафақат ишчи визага, балки таълим соҳасига ҳам тегишли. Тил курслари ёки университетларга бораётган ёшларимиз, ўқишидан кетиб қолган ҳолда ишлаш учун нолегал статусга чиқиб кетяпти. Бунинг ортидан кореялик компанияларда ўзбекистонлик ишчиларга нисбатан бошқача фикр уйғонмоқда”, дейди Абдусаломов
Йиғилишда, Жанубий Кореяда ҳозирда 100 мингга яқин ўзбекистонлик фуқаро яшаётгани қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев Алишер Абдусаломовга меҳнат миграциясини тизимли ва сифатли равишда кенгайтириш бўйича топшириқ берди.
Масъуллар шартнома асосида муайян соҳада ишлаш учун кетган фуқароларнинг бошқа соҳаларга ўтиб кетмаслиги муҳим эканини алоҳида эслатиб ўтди.
