“Россия томонидан бошқариладиган МДҲда қолишдан маъно йўқ”: Молдова МДҲдан чиқиш жараёнини бошлади
Молдова ҳукумати Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан ташкил топган ва Россия етакчилигидаги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидан (МДҲ) чиқиш бўйича расмий жараённи бошлади. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Михай Попшой 19 январь куни маълум қилди.
Вазирнинг айтишича, Молдова 1991–1993 йилларда қабул қилинган МДҲ Низоми, МДҲни тузиш тўғрисидаги битим ҳамда унга илова қилинган ҳужжатларни денонсация қилиш тартиб-таомилларини бошлаган. Ушбу ҳужжатлар бекор қилингач, Молдова ҳуқуқий жиҳатдан МДҲ аъзоси ҳисобланмайди.
Попшойнинг таъкидлашича, ҳукумат мазкур жараённи февраль ўрталарига қадар якунлашни режалаштирмоқда. Шундан сўнг масала парламент муҳокамасига киритилади.
Сиёсий таҳлилчи Виталий Андриевший МДҲдан чиқиш Молдова бошқа собиқ совет давлатлари билан алоқаларни узади, дегани эмаслигини таъкидлади.
“Биз алоқаларни икки томонлама асосда ривожлантирамиз. Аммо Россия томонидан бошқариладиган МДҲда қолишдан маъно йўқ”, деди у.
Расмийлар Молдованинг МДҲдан чиқиш режалари ҳақида илк бор 2023 йил декабрь ойида маълум қилган эди. Ўшанда Россия президенти Владимир Путин Молдованинг МДҲдаги иштироки “катта аҳамиятга эга эмас”лигини айтган.
Аввалроқ МДҲ таркибидан Грузия 2008 йилда, Украина эса 2018 йилда чиққан эди.
Расмий Кишинёв бу қарорни Молдова ташқи сиёсатининг Европа йўналишига қатъий бурилиши, МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг амалий аҳамияти пасайгани, шунингдек, Россия билан сўнгги йилларда юзага келган сиёсий ва энергетик келишмовчиликлар фонида миллий манфаатларни мустақил ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳламоқда.
Манба: pressuzb
