Нима сабабдан Нидерландияда скоттиш ва сфинкс мушуклари тақиқланади?
Нидерландияда Scottish Fold (скоттиш) ва жун-сиз мушукларни (сфинкс) кўпайтириш, сотиш ҳамда мамлакатга олиб кириш тақиқланади, деб The Nation хабар берди. Қарор ушбу зотларнинг ташқи кўриниши ортида яширинадиган оғир генетик муаммолар билан изоҳланди. Таъкидланишича, бу чоралар ҳайвонлар фаровонлигини кучайтиришга қаратилган кенгроқ сиёсатнинг бир қисми ҳисобланади.
Мутахассислар скоттиш мушукларнинг қулоғи қайрилган шакли генетик мутация билан боғлиқлигини, бу эса тоғай ва бўғимларда нуқсонлар келтириб чиқаришини қайд этади. Натижада артрит, доимий оғриқ, дум ва умуртқа билан боғлиқ муаммолар юзага келиши мумкин. Сфинкс каби жунсиз мушукларда эса мўйнанинг йўқлиги тана ҳароратини меъёрида ушлашни қийинлаштиради, тери касалликлари ҳамда инфекция юқтириш хавфини оширади.
Қарорни Нидерландия ветеринарлари ассоциацияси ва Европа ветеринария шифокорлари уюшмаси қўллаб-қувватлагани айтилади. Қолаверса, бу зотдаги мушукларни танлов ва кўргазмаларга чиқариш ҳам мутлақо тақиқланади, истисно кўзда тутилмаган. Қоидани бузганларга 1500 евро жарима белгиланган (тахминан 19,5–21 млн сўм, курсга қараб), чипланган мушуклар эса ўз эгаси қарамоғида умрининг охиригача қолиши мумкин.
