Қашқадарёда 20 ёшли бемор ошқозонидан 1 килограмм 400 грамм соч тўплами олиб ташланди
Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида тиббиёт амалиётида кам учрайдиган ноёб ҳолат бўйича муваффақиятли жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Қайд этилишича, Қарши туманида истиқомат қилувчи, 2005 йилда туғилган бемор қиз аввалдан «Д» ҳисобда турган бўлиб, мазкур ҳолат билан тиббиёт муассасасига иккинчи маротаба мурожаат қилган. Бемор қорин юқори қисмида оғриқ, шиш, кўнгил айниш, қусиш каби шикоятлари бўлган.
Навбатдаги текширув ва марказнинг олий тоифали шифокори М.Пардаев бошчилигидаги жарроҳлар томонидан бажарилган жарроҳлик амалиёти давомида беморнинг ошқозонида катта ҳажмдаги соч тўплами — трихобезоар аниқланиб, у тўлиқ ҳолда олиб ташланди.
Олинган трихобезоарнинг узунлиги — 58 см, эни — 7 см, оғирлиги — 1 килограмм 400 граммни ташкил этади.
Мутахассислар хулосасига кўра, ушбу трихобезоар бир неча йиллар давомида соч ютиб борилиши натижасида шаклланган.
Мазкур ҳолат ушбу беморда иккинчи маротаба аниқланмоқда. Бир неча йил муқаддам беморга худди шу ҳолат сабабли фитобезоар ташхиси билан лапаротомия ва гастротомия жарроҳлик амалиёти ўтказилган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур тиббиёт муассасаси амалиётида бу ҳолат учинчи маротаба қайд этилмоқда. Илгари кузатилган икки ҳолат фитобезоар бўлган бўлса, мазкур ҳолат ўзига хос трихобезоар сифатида баҳоланмоқда.
Айни пайтда беморнинг аҳволи барқарор бўлиб, у шифокорлар доимий назорати остида даволанмоқда. Шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида беморга жарроҳ, гастроэнтеролог ва психиатр шифокорлар томонидан комплекс назорат тавсия этилди.
Маълумот учун: “Д” ҳисоб — сурункали ёки жиддий касаллик билан шифокорлар назоратида дегани.
