Шайтон чақиради, дегани наҳот рост бўлса!..

Шайтон чақиради, дегани наҳот рост бўлса!..

Халқ орасида шундай гап юради. Хаж ва умра амалларини бажаришга Аллоҳ ва унинг расулидан ташқари шайтон ҳам чақиради… Китобларда ва уламолар сўзларида бу нарсага ҳозирча дуч келганим йўқ. Бироқ… Ҳафта, ўн кун олдин роса ичган одамни умрага кетганлигини биламан. Умрадан қайтиб келгач, ўша амалини давом этказганларни ҳам биламан. Ҳатто “хожи ака” ароқ қўйилган дастурхон атрофида ўтириб, бошқаларга “анави”ни сузингалар бизга мумкин эмас, деганларини гувоҳиман. Яна умра амалини бажаргани борганида Макка ва Мадина шаҳарларининг қайси кўчаларига кириб чиқанлигини, қайси йўл неча “поласа” эканлигини, дўконларда қандай савдо қилганликларини, қаерда қайси мато неча пулдан сотилишини, қайси самолёт қайси вақтда қўнишини, қайси давлатлардан келганларда нос бўлиши мумкинлигини мароқ билан гапириб берганларни ҳам эшитганман, кўрганман. Қолаверса, ижтимоий тармоқларда, дарахтга тирмашиб чиқиб хом мевани узган ва жарима тўлганлар ҳақида ҳам видео лавҳалар бор. Энди ўзларини ҳали ундай қилиб, ҳали бундай қилиб видеога олиб таниш-билишларига жўнатаётганларнику, айтмаса ҳам бўлади…  Ана шунда улар умрага шайтон чорлови билан борган бўладими?!

Умрага қарзи йўқ, оиласидан хотиржам, сафаргача қирқ кундан кам бўлмаган муддатда харом емаган, ичмаган. Ҳар хил қинғир-қийшиқ ишларда юрмаган, умра зиёрати илмидан озгина хабари бор одамлар бориши керакмасми?!

Яқинда, шайх Адижон Қори ҳазратларининг “ҳой биродарлар умра ва хаждан ҳам олдинда турадиган афзал амаллар бор. Бу номоз, рўза”, дея куйиниб гапирганликларини видеосини кўрдим. Демак, аввал бу ёғимизни қойиллатиб қўйишимиз керак экан. Чунки, қабрда энг аввал сўраладигани номоз!..

Ҳурматли умрага борувчилар, зиёратларингиз илоҳим қабул бўлсин. У ёқдан  онадан янги туғилган чақалоқдай гуноҳларда фориғ бўлиб қайтганингиз рост бўлсин!..

Дўстларингизга ҳам юборинг: