Ҳасакадаги операция ортидан Асад давридаги яна бир юқори лавозимли шахс ушлангани айтилди

Ҳасакадаги операция ортидан Асад давридаги яна бир юқори лавозимли шахс ушлангани айтилди

Сурия Ички ишлар вазирлигига таяниб, САНА давлат ахборот агентлиги хабар беришича, Дамашқ вилояти Ички хавфсизлик қўмондонлиги Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда Ҳасака вилояти яқинида қўшма операция ўтказди. Натижада 2010–2014 йилларда Ҳарбий хавфсизлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган собиқ генерал-майор Ратеб Али Ғанемий ҳибсга олинди.

Вазирликнинг Telegram’даги маълумотига кўра, дастлабки текширувлар Ғанемийнинг бир нечта хавфсизлик лавозимларида фаолият юритганини кўрсатган. Жумладан, у Саъса бўлими раҳбари ўринбосари бўлишидан аввал Ҳасака шаҳридаги Ҳарбий хавфсизлик бўлимига раҳбарлик қилган. Қайд этилишича, у бу лавозимларга Башар ал-Асад томонидан бевосита тайинланган.

Ички ишлар вазирлиги билдиришича, ўша даврда Ғанемий намойишларни бостириш, кўплаб фуқароларни ҳибсга олиш ҳамда асосий ҳуқуқ ва эркинликлар бузилиши билан боғлиқ репрессив чораларни амалга оширишда иштирок этган, деб гумон қилинмоқда. Таъкидланишича, бу ҳолатлар фуқароларнинг фундаментал ҳуқуқлари қўпол равишда поймол этилишига олиб келган. Асад режими ағдарилганидан кейин эса у курдларнинг YPG/SDF қуролли тузилмаларига қўшилиб олган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: