Олмазор туманида тиббиётга ўнлаб миллион доллар йўналтирилди: Президент ташрифи тафсилотлари
Президент Шавкат Мирзиёев Олмазор туманига ташриф буюриб, янги кўп тармоқли Sinomed тиббиёт маркази фаолияти билан танишди. Ташриф давлат раҳбари ўтган йил 10 ноябрда билдирган — соғлиқни сақлашда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва унинг имкониятларини кенгайтириш сиёсатининг амалий давоми сифатида баҳоланмоқда. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Қайд этилишича, ҳозир хусусий клиникалар мамлакатдаги тиббий хизматларнинг қарийб 30 фоизини кўрсатмоқда. Ҳукумат эса бу йўналишда шароитларни янада яхшилаб, хусусий муассасалар фаолияти кўламини оширишни мақсад қилган.
Sinomed маркази 30 миллион долларлик йирик лойиҳа бўлиб, клиника замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Юқори технологияли ускуналар Буюк Британия, Италия, Япония ва Германиядан олиб келинган.
Марказ йилига 4500 нафаргача беморни қабул қилиш қувватига эга. Бу ерда жарроҳлик, педиатрия, травматология, ортопедия ҳамда эндокринология каби йўналишларда тиббий ёрдам кўрсатилади.
Клиникада кадрлар салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилган: 300 дан ортиқ иш ўрни яратилган, шифокорлар сони 80 нафардан ошади. Улардан 60 дан зиёди Жанубий Корея, Германия, Туркия, Ҳиндистон ва АҚШнинг етакчи клиникаларида ўқиш ва амалиёт ўтаган. Марказда хорижий мутахассислар ҳам фаолият юритиб, хизматлар халқаро даражада йўлга қўйилган.
Sinomedнинг ўзига хос жиҳатларидан бири — Тошкентдаги илк хусусий туғруқ мажмуаси ишга туширилганидир. У бир вақтнинг ўзида 30 нафар аёлни қабул қила олади. Президент ҳомиладорлик бўйича рўйхатга олишдан тортиб, туғруқдан кейинги парваришгача бўлган кузатув тизими билан батафсил танишди.
Давлат раҳбари сифатли пренатал назорат аёлларни ортиқча хавотирдан халос этиши, соғлом оналик маданиятини шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Марказ инфратузилмасида республикадаги энг йирик хусусий эмлаш пункти ҳамда нодавлат сектордаги ягона ихтисослашган стерилизация маркази ҳам мавжуд. Аҳолига қулайлик яратиш учун колл-марказлар ва уйга бориб кўрикдан ўтказишга мўлжалланган мобил патронаж гуруҳлари йўлга қўйилган.
Клиника раҳбарияти келгусида ўринлар сонини кўпайтириш ва болалар учун профилактика дастурларини кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Жамоа билан суҳбатда президент малакали шифокорларнинг юртга қайтиши ва улар орқали илғор тажриба ҳамда билимларнинг амалиётга жорий этилишини ислоҳотларнинг энг муҳим натижаси сифатида қайд этди. Шунингдек, соғлом рақобатнинг аҳамиятига урғу бериб, хусусий марказлар кўпайиши аҳолига танлов имконини яратиши, хизматлар сифати ва нархлар мувозанатини таъминлашини билдирди.
