Гап йўқ! Бер пулни!..

Гап йўқ! Бер пулни!..

Гренландияда яшовчи 40 ёшли уй-жойсиз фуқаро 25 январ куни 1 миллион доллар эвазига АҚШ фуқароси бўлиш таклифига рози эканини маълум қилди.

«Мен уй-жойсизман. Албатта, бундай таклифни қабул қилган бўлардим. Америкалик бўламанми ёки гренландиялик — бу мен учун аҳамиятли эмас. Мен учун энг муҳими — уй-жойсиз қолмаслик», — деди у РИА Новости агентлигига берган интервьюсида.

Унинг инглиз тилида гапира олиш-олмаслиги ҳақидаги саволга жавобан, мазкур шахс инглизча эмас, балки «америкаликча» гапиришини таъкидлаган.

Маълумот учун, Daily Mail газетаси 22 январ куни хабар беришича, АҚШ президенти Доналд Трамп Гренландия аҳолиси АҚШ таркибига қўшилиш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда, оролда яшовчи ҳар бир фуқарога 1 миллион доллардан тўлаш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Шунингдек, НАТО Бош котиби Марк Рютте билан бўлиб ўтган учрашув чоғида АҚШ раҳбари Арктикада жойлашган ушбу орол устидан назорат ўрнатиш бўйича «келажакдаги келишув асослари» шаклланганини айтган ҳамда Гренландияни АҚШ миллий хавфсизлиги учун ҳаётий аҳамиятга эга ҳудуд сифатида таърифлаган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: