11 та одамни ўлдириб кетишди-я!
Мексиканинг Гуанахуато штатига қарашли Саламанка шаҳрида жойлашган «Кампос де лас Кабаньяс» стадионида футбол учрашуви вақтида содир бўлган отишма натижасида камида 11 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда 25 январ куни Quinta Fuerza нашри хабар берди.
Нашрда айтилишича, барча нарса одатдагидек кечаётган бир пайтда иккита пикапда қуролланган шахслар стадион ҳудудига келган. Улардан тўрт нафари машинадан тушиб, томошабинлар орасида аёллар ва болалар ҳам бўлишига қарамай, тартибсиз равишда ўқ узишни бошлаган.
Маълум қилинишича, отишма бир неча дақиқа давом этган. Ҳодиса жойидан тахминан 100 та ўқ-дори гилзаси топилган. Ҳужумчилар эса воқеа содир этилгандан сўнг транспорт воситаларида номаълум йўналишга қочиб кетган.
Тиббиёт ходимлари ҳодиса жойининг ўзида 10 нафар шахс вафот этганини тасдиқлаган. Яна бир жабрланувчи эса яқин тиббиёт муассасасига олиб кетилаётган вақтда йўлда ҳалок бўлган.
Ҳозирча гумонланувчиларнинг шахси ва жиноят сабаблари аниқланмаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар воқеанинг барча ҳолатлари ва тафсилотларини аниқлаш мақсадида тергов ишларини олиб бормоқда.
