Ҳукум! Ўлим жазоси!..
Бангладеш халқаро трибунали Дакка шаҳри полициясининг собиқ комиссари Ҳабибур Раҳмонни ўлим жазосига ҳукм қилди. У 2024 йил июль ойида бўлиб ўтган оммавий намойишлар вақтида олти нафар фуқарони ўлдиришда айбдор деб топилди. Бу ҳақда The Daily Star нашри хабар берди.
Шунингдек, суд унинг икки нафар ўринбосари — Судип Кумар Чакраборти ҳамда Шоҳ Алам Муҳаммад Ахтарул Исломни ҳам олий жазо — ўлим жазосига маҳкум этди.
Яна беш нафар собиқ полиция ходими турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Судланганларнинг айримлари ҳозирда ҳибсда сақланмоқда. Қурбонлар оилалари эса суд ҳукмидан норозилик билдирди. Суд мажлисида ҳалок бўлганлардан бирининг онаси:
«Биз бу ҳукмдан ҳеч қачон қониқмаймиз. Адолатга эришмадик», — дея баёнот берди.
Бу 2024 йилдаги намойишлар давомида содир этилган жиноятлар бўйича чиқарилган иккинчи ҳукм ҳисобланади. Ўша пайтда полиция билан тўқнашувлар оқибатида тахминан 1,4 минг нафар киши ҳалок бўлган эди. 2025 йил ноябрь ойида эса Бангладешнинг собиқ бош вазири Шайх Ҳасина ва Ички ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари Асадуззаман Хон Камал сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилинган.
