Одилхон қори Юнусхон ўғли қамоқда эканлиги айтилмоқда. У судга келмасдан БААга чиқиб кетгани учун эҳтиёт чораси гаровдан қамоққа ўзгартирилиб, қидирув эълон қилинган эди. Одилхон қорига қандай айбловлар қўйилмоқда ўзи?
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, Одилхон қори Юнусхон ўғли Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Поп туман судида жиноят иши бўйича суд жараёни бошланмоқда. Суд жадвалидаги маълумотларга асосан, иш доирасида Одилхон қори Юнусхон ўғлига нисбатан бир қатор Жиноят кодекси моддалари қўлланилган. У бир ҳафта муқаддам суд залида қамоққа олинган.
Хусусан, унга 167-модданинг 3-қисми (а ва в бандлари) бўйича йирик миқдорда ўзлаштириш ёки растрата қилиш, яъни ишониб топширилган мол-мулкни талон-торож қилиш айби қўйилган. Шунингдек, 179-модда билан сохта тадбиркорлик, 189-модданинг 1-қисми билан савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, 209-модданинг 2-қисми (а банди) билан мансаб сохтакорлиги, яъни хизмат мавқеидан фойдаланиб расмий ҳужжатларга ёлғон маълумот киритиш айблари илгари сурилган.
Бундан ташқари, унга 227-модданинг 2-қисми (а банди) ҳамда 228-модданинг 2 ва 3-қисмлари бўйича ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар ва бланкларни тайёрлаш, қалбакилаш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, шу жумладан акциз маркалари ва бошқа давлат белгиларини ноқонуний қўллаш билан боғлиқ жиноятлар ҳам қўйилган.
Ушбу айбловлар жамланмаси Одилхон қорига нисбатан иқтисодий ва мансаб жиноятлари мажмуаси бўйича иш юритилаётганини кўрсатади ва уларнинг ҳар бири алоҳида ҳолда ҳам оғир жавобгарликни назарда тутади.
