ИИВнинг икки собиқ мулозимига жиноят иши қўзғатилди

ИИВнинг икки собиқ мулозимига жиноят иши қўзғатилди

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев раислигида уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятлар ва яширин иқтисодиёт бўйича таъсирчан чораларни белгилаш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилаётгани ҳақида хабар берилганди.

Президент давлатнинг ҳар бир сўми бўйича таъсирчан назорат ўрнатилишини таъкидлади.

“Жавобгарлик муқаррар, жазо қаттиқ бўлади!”, — деди давлат раҳбари.

Шу боис, яқинда Администратсия ва давлат идораларида комплаенс ва коррупсияга қарши ички назорат тизими йўлга қўйилди. Қисқа муддатда буджетга тушум, талон-торож, молиявий камчиликлар бўйича 53 трлн сўм ва ташқи савдо оператсияда $8 млрддан ортиқ қарздорлик аниқлангани ўта аянчли ҳолат экани қайд этилди.

Коррупсиявий схемалар бўйича 4,2 трлн сўм зарар аниқланиб, 1,3 трлн сўми ундирилди, 55 нафар шахс қамоққа олинди.

Масалан, Ички ишлар вазирлиги тизимида давлат харидларида 186 млрд сўм бюджет маблағи ўзлаштирилгани аниқланиб, вазир ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва департамент бошлиғи Рустам Турсуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Умуман, давлат идоралари ва корхоналарида хавфсизлик учун масъуллар фаолиятини ҳам танқидий қайта кўриб чиқиш вақти келгани қайд этилди.

“Бизга юқори касбий компетенцияларга эга, талабчан ёш раҳбарлар корпуси керак”, — деди президент.

Ҳуқуқ-тартибот тизимида хизмат ўташ чегараси полковниклар учун 55 ёш, генераллар учун 60 ёш бўлсада, ҳозир бу ёшдан ошган 300 дан ортиқ ходим раҳбарлик лавозимида ишлаётгани кўрсатиб ўтилди. Ваҳоланки, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида раҳбар кадрларнинг барчасининг ёши 50 ёшдан кичик.

Раҳбарликка ёш кадрларни қўйиш, пенсия ёшидагиларнинг тажрибасидан мураббий ва ўқитувчи сифатида фойдаланиш ёки маҳаллада ёшларга устозлик қиладиган тизим яратиш муҳимлиги қайд этилди.

Бундан аввал йиғилишда давлат раҳбари тизимли муаммо ҳамда камчиликлар биринчи навбатда раҳбарларнинг айби эканини таъкидлаганди. Шу боис, бунга масъул вазир ўринбосари Б.Абдуллаев ва республика профилактика бошлиғи Х.Қодиров ишдан олингани айтиб ўтилган эди.

2025-йилнинг ноябрида президент қарори билан Бекмурод Абдуллаев ва Рустам Турсунов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилганди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: