Ички ишлар вазирига янги ўринбосарлар тайинланди

Ички ишлар вазирига янги ўринбосарлар тайинланди

Шавкат Мирзиёевнинг 28 январь кунги фармони ва қарори билан Ички ишлар вазирига янги ўринбосарлар тайинланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатга асосан Ботир Баҳромович Қудратхўжаев ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди. Шу муносабат билан у фавқулодда вазиятлар вазири лавозимидан озод этилди. Қудратхўжаев 2025 йил 25 февраль куни фавқулодда вазиятлар вазири этиб тайинланганди ва ўшанда Бош прокурор ўринбосари — Ҳарбий прокурор лавозимидан озод қилинган эди.

Фармон билан Рустам Мирзаевич Жўраев ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди. У бунга қадар Миллий гвардияси қўмондони лавозимида ишлаган. Генерал-маёр Жўраев 2026 йил 16 март куни Миллий гвардия қўмондони этиб тайинланган бўлиб, ундан олдин 2018 йил февралидан буён ички ишлар вазири ўринбосари — Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи сифатида фаолият юритган.

Тегишли ҳужжатга мувофиқ, Рустам Равшанович Мирзаев ички ишлар вазирининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Шу муносабат билан у Президент администрацияси Коммуникациялар департаменти бошлиғи ўринбосари лавозимидан озод этилди. Мирзаев 2025 йил 30 июль куни мазкур лавозимга тайинланганди ва ундан аввал Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппаратида масъул вазифада ишлаган.

Ҳужжатга асосан, Диёрбек Нематжонович Сатторов ички ишлар вазирининг ўринбосари — Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи этиб тайинланди. У бунгача Президент администрацияси Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги бўйича департаменти шўба мудири бўлиб ишлаган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: