Хоманаий ва Эрон элитаси қандай йўқ қилинди? — CNN тафсилотлари.
Исроил ва АҚШ разведка хизматлари бир неча ой давомида Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийни қадамма-қадам кузатиб борган. CNN нашрининг махфий манбаларига таяниб хабар беришича, кузатув объекти фақат Хоманаийнинг ўзи эмас, балки унинг кун тартиби, яшаш манзиллари, учрашувлар доираси, мулоқот усуллари ва ҳатто ҳужум хавфи туғилганда яшириниши мумкин бўлган махфий бункерларигача қамраб олган. Шунингдек, олий раҳнамо билан камдан-кам ҳолларда бир жойда тўпланадиган Эроннинг энг юқори мартабали сиёсий ва ҳарбий раҳбарлари ҳам разведка нишонида бўлган.
Воқеалар ривожи 28 февраль куни эрталаб Теҳрон марказидаги махсус ҳудудда Оятуллоҳнинг идораси, Президент девони ва Миллий хавфсизлик бошқармаси бинолари туташган мажмуада режалаштирилган учрашув атрофида кечган. Исроиллик манбанинг таъкидлашича, одатда ўта эҳтиёткор бўлган Хоманаий кундуз куни ўзини хавфсизроқ ҳис қилиб, ҳушёрликни сусайтирган, бу эса Исроил ва АҚШ расмийлари учун «қулай имконият» бўлиб хизмат қилган. Шу сабабли дастлаб тунда ўтказилиши керак бўлган ҳужум кундузги операцияга ўзгартирилган. Исроил армияси Бош штаби бошлиғи Эял Замир учувчиларга йўллаган мактубида: «Шанба куни тонгда ‘Арслон наъраси’ операцияси бошланади. Сиз нишонларга зарба бериш ҳуқуқига эгасиз. Биз тарихни яратяпмиз», дея операциянинг жиддийлигини таъкидлаган.
28 февраль куни эрталабки соат 6:00 да АҚШ билан мувофиқлаштирилган ҳолда Исроил ҳарбий самолётлари мажмуага юқори аниқликдаги ўқ-дорилар ва узоқ масофали ракеталар билан зарба берган. Мажмуадаги учта объект бир вақтнинг ўзида нишонга олинган. Орадан бир неча соат ўтиб, АҚШ президенти Дональд Трамп Хоманаий вафот этганини расман эълон қилди. «У бизнинг разведка ва мураккаб кузатув тизимларимиздан қочиб қутула олмади», деб ёзди Трамп ўз баёнотида. Ҳужум вақтида Теҳроннинг қоқ марказида нима сабабдан бунчалик кўп раҳбарлар тўплангани ҳамон жумбоқ бўлиб қолмоқда. Қурбонлар орасида мудофаа вазири Азиз Насирзода, адмирал Али Шамхоний, Муҳаммад Ширазий, Муҳаммад Пакпур ва Сейед Мажид Мусавий каби Эроннинг энг қудратли ҳарбий шахслари бор эди. Исроил ҳарбий расмийсининг сўзларига кўра, бундай мураккаб операцияни амалга ошириш учун кўплаб омиллар ва юқори даражадаги разведка маълумотлари бир нуқтада бирлашиши талаб этилган.
