Дубайнинг ичидан емирилаётган ахлоқи ҳақида аччиқ ҳақиқат!..
Араб дунёсининг энг бой шаҳри сифатида Дубай миллионлаб сайёҳларни жалб қилади. Аммо, уларнинг ҳаммаси ҳам Бурж Халифани кўришга келмайди. Ижтимоий тармоқлар ва махфий чатлар Дубайнинг бошқа, «қора» томонини кўрсатувчи далиллар билан тўла.
«Замонавий моделлар», «эскорт-хизматлар» ва «хусусий кечалар» — буларнинг ҳаммаси фоҳишаликнинг чиройли номларидир. Оврўпо, МДҲ ва Осиёдан келган минглаб ёш аёллар бу ерда бойлик ва енгил ҳаёт илинжида ўз таналарини сотишмоқда. Энг ачинарлиси, бу ишлар баъзан маҳаллий бойлар ва бадавлат сайёҳларнинг «буюртмаси» асосида, аммо қонун кўзидан яширинча амалга оширилади. Исломий меъёрлар ҳукмрон бўлган давлатда бундай ҳолатларнинг мавжудлиги— улкан маънавий зиддиятдир.
Дубайнинг тунги ҳаёти мутлақо бошқача башарага эга. Кўчаларда очиқ-сочиқ кийинган, маст ҳолатдаги одамларни кўриш оддий ҳол бўлиб қолган. Клубларга ва барларга кириш учун навбатда турганларнинг кўпчилиги мусулмон давлатларидан келган ёшлардир. Улар ўз юртларида қила олмайдиган «эркинлик»ни шу ерда топишади. Шариат қонунларига кўра тақиқланган ичкилик, қимор ва беҳаё ўйинлар Дубайнинг энг машҳур меҳмонхоналари ва клубларида «замонавий кўнгилочар дастурлар» сифатида тақдим этилади. Бу эса, Ислом оламидаги энг муқаддас тушунчалар — ҳаё, андиша ва тақводорликка очиқдан-очиқ қарши чиқишдир.
«Дубай Порта Потти» (Dubai Porta Potty) каби иборалар ижтимоий тармоқларда трендга чиққани бежиз эмас. Бу ибора «чиройли моделлар»нинг бой араб шайхлари томонидан нафақат жинсий, балки энг тубан ва инсонийликка зид бўлган нафс хоҳишларини қондириш учун фойдаланилишини англатади. Минглаб «чиройли қизлар» Дубайга «ишлашга» келиб, аслида маънавий тубанликка ботиб кетишади. Бу «моделлар» ижтимоий тармоқларда ҳашаматли ҳаётларини кўрсатишади, лекин бу ҳаётнинг орқасида нималар турганини ҳеч ким айтмайди. Бу эса, ёш қизларни нотўғри йўлга бошлайдиган сохта «муваффақият» намунасидир. Дубай маъмурияти бундай ҳолатларга қарши курашаётганини айтса-да, аслида бу шаҳар иқтисодиёти кўп жиҳатдан айнан шундай сайёҳликка ва «эркинлик»ка асосланган. Агар ичкилик ва тунги ҳаёт тақиқланса, Дубай ўз жозибасини ва сайёҳлар оқимини йўқотиши мумкин.
Бу эса, Дубайнинг Ислом қадриятларидан узоқлашиб, «замонавий» дунёнинг энг ёмон жиҳатларини ўзига сингдириб бораётганидан далолат беради. Бу ердаги ҳашамат ва маҳобатли биноларнинг орқасида маънавий бўшлиқ ва ахлоқий инқироз яширинган. Дубай — бу замонавий дунёнинг барча яхши ва ёмон томонлари жамланган шаҳар. Лекин Ислом оламининг маркази сифатида ундаги маънавий тубанлик ва беҳаёлик янада яққолроқ кўзга ташланади. Бу воқеа бизга шуни эслатадики, ҳақиқий тараққиёт ва замонавийлик фақат баланд бинолар ва бойлик эмас, балки маънавий қадриятлар ва ахлоқий покликдадир.
