Энди шу эртакни ўйлаб топдингми?! Кимни алдамоқчи бўлаяпсан?!
МОСКВА, 6 март — РИА Новости. Ғарб оммавий ахборот воситалари Қатар осмонида уриб туширилган АҚШнинг учта қирувчи самолёти борасида жамоатчиликни чалғитмоқда, деб ёзади L’AntiDiplomatico.
«Минабдаги қирғинни (Исроил ракеталарининг мактабга зарбаси: 178 нафар қизалоқ ҳалок бўлган) Эрон зенит тўпларининг хатоси сифатида кўрсатишга журъат қилган етакчи Ғарб ОАВлари, энди гўёки Қувайт зенит артиллерияси томонидан ‘хатолик туфайли’ уриб туширилган АҚШнинг учта F-15E қирувчиси ҳақидаги фейк хабарлар билан ақлдан озмоқда (ваҳоланки, улар Қувайт устидан учиб ўтаётган кўплаб Эрон ракеталари ва дронлари томонидан уриб туширилгани эҳтимоли анча юқори)», — дейилади нашрда.
Мақола муаллифларининг таъкидлашича, Ғарб матбуоти содир бўлган воқеанинг нотўғри талқинини илгари сурмоқда.
«Йиллар давомида барча ҳарбий самолётлар ва ҳарбий аэропортларнинг бошқарув тизимлари IFF (Ўзиники ёки бегонани аниқлаш) тизими билан жиҳозланганига қарамай, битта эмас, бирдига учта Америка қирувчиси Эрон самолётлари билан адаштириб юборилгани ҳақидаги талқин ҳақиқатдан йироқ. Бу борт транспондери ва назорат минораси ўртасида шифрланган кодлар алмашинуви асосидаги автоматик идентификация тизими бўлиб, у хавфсизликни таъминлайди ва ‘дўстона олов’дан сақлайди», — дея тушунтирилади материалда.
Аввалроқ АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) ўз сайтида Қувайт ҳаво мудофаа тизими хатолик билан АҚШнинг учта F-15E қирувчисини уриб туширганини хабар қилган эди. «Эрон самолётлари, баллистик ракеталари ва дронлари зарбалари билан кечган жанговар ҳаракатлар давомида АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчилари Қувайт ҳаво мудофаа тизими томонидан хатолик билан уриб туширилди», — дейилади хабарда.
Шанба куни АҚШ ва Исроил Эрон Ислом Республикасига қарши кенг кўламли ҳарбий операция бошлади. Тел-Авивнинг билдиришича, зарбалардан мақсад — Теҳроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймасликдир. Трамп, ўз навбатида, Эрон флоти ва мудофаа саноатини йўқ қилиш ниятини билдирди, шунингдек, мамлакат фуқароларини тузумни ағдаришга чақирди.
Якшанбага ўтар кечаси Эрон телевидениеси олий раҳбар Али Хоманаий ҳалок бўлганини эълон қилди. АҚШ ва Исроил ҳужумлари қурбонлари орасида оятуллоҳнинг қизи, куёви, набираси ва келини ҳам борлиги айтилмоқда.
ОАВ хабарларига кўра, ракеталар нафақат Ислом Республикасидаги, балки минтақанинг бошқа мамлакатларидаги ҳарбий объектларга ҳам, фуқаролик инфратузилмасига ҳам тушмоқда. Теҳрон бунга жавобан Исроил ҳудудига, шунингдек, Яқин Шарқдаги Америка базаларига ҳужум қилмоқда.
Россия Вашингтон ва Тел-Авивнинг операцияси ядровий қуролни тарқатмаслик режимини сақлаш билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирди ва музокараларга қайтишни талаб қилди. ТИВ раҳбари Сергей Лавров Москва вазиятни тартибга солишда, жумладан, БМТ Хавфсизлик Кенгаши доирасида кўмаклашишга тайёрлигини таъкидлади.
