Самарқандда Зулфия мукофоти совриндори Латофат Амировага уй топширилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизнинг бир гуруҳ фаол ва ташаббускор хотин-қизлари нуфузли мукофот билан тақдирланди.
Улар орасида Қашқадарё вилояти Косон туманида яшовчи иқтидорли шоира Латофат Амирова ҳам бор.
Ёш ижодкорнинг истеъдоди ва ижодий ютуқлари юксак эътироф этилиб, Президент топшириғига асосан унга Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивидан икки хонали, барча шароитларга эга, мебеллар билан жиҳозланган уй топширилди.
Уй калитини топшириш маросимида вилоят ҳокими Адиз Бобоев иштирок этди. Тадбир давомида ҳоким ёш шоира Латофат Амировани эришган ютуқлари билан самимий қутлаб, унга оилавий хотиржамлик, мустаҳкам бахт ва келгусидаги ижодий фаолиятида улкан муваффақиятлар тилади.
Таъкидланишича, Зулфия номидаги Давлат мукофоти юртимизда иқтидорли, фаол ва ташаббускор қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илм-фан, адабиёт, маданият ва санъат соҳаларидаги ютуқларини рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
