У кишига ҳамла қилиб, қилич билан урди ва ўқиб ўтирган мусҳафларини тепиб юборди!..
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу Қуръон ўқимоқдалар. Рўза тутган эдилар.
Нима учун рўза тутган эдилар? Чунки ўз пулларига ўзлари сотиб олган Румо қудуғидан сув бермаётган эдилар…
Бир парча нон бермаётган эдилар.
Шу сабабдан бир неча кун ҳеч нарсасиз (емак, ичмаксиз) рўза тутаётган эдилар.
(У зотнинг уйларини қирқ кун қамал қилишди)
Қуръон ўқиб ўтирар эканлар кўзлари уйқуга кетди ва севинч ичра табассум билан уйғондилар. Аёллари Ҳазрати Ноила розияллоҳу анҳо ажабланиб сўрадилар:
-«Эй Мўминлар амири!
Бир неча кун синов ва қийинчиликлар сабаб чуқур қайғу ва изтиробда эдингиз. Энди эса севинмоқдасиз, кўзларингиз кулмоқда. Бунинг сабаби нима?» Шунда Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу:
-«Тушимда Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи ва салламни кўрдим!
Мени қўлимдан ушлаб бир хонага олиб киришди. Рўпарамда бир нур бор эди. Қарасам Жаноби Расулуллоҳ эканлар. Бир тарафларида Ҳазрати Абу Бакр, яна бир тарафларида Ҳазрати Умар бор эдилар.
Жаноби Расулуллоҳ билан юзлашиб турардим. Шунда у зот алайҳис салом менга табассум ила:
-«Эй Усмон, келдингизми?
– Келдим, ё Расулаллоҳ…
– Сизни сувсиз қолдиришдими?
– Ҳа, Расулуллоҳ.
Мени сувсиз қолдиришди…
– Сизни ҳибс қилишдими?
– Ҳа, Расулуллоҳ.
Мени ҳибс қилишди…
– Сизни масжиддан тўсишдими?
– Ҳа, Расулуллоҳ.
Мени масжиддан тўсишди…
– Сизни оч қолдиришдими?
– Ҳа, Расулуллоҳ.
Мени оч қолдиришди…
– Эй Усмон, истасангиз ёрдамга келиб сизни қутқаришади. Истасангиз биз билан бугун ифтор қилинг…
– Ё Расулаллоҳ, сизни соғиндим. Сиз билан бирга ифтор қилишни истайман…”
– Унақада эй Усмон, бугун сизни кутамиз. Бугун сиз билан биргаликда ифтор қиламиз!» дедилар…
Ўша вақтда ёшлари саксондан ошган Ҳазрати Усмон бин Аффон розияллоҳу анҳу, кўрган тушларидан саккиз соат ўтиб, Қуръон ўқиб ўтирган ҳолатларида шаҳид этилдилар…
Аллома Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ «Ал-Бидоя ван-ниҳоя»да Ислом ва мусулмонларнинг бу улкан фожиаси қандай содир бўлганини қуйидагича ёзадилар:
«Ғофиқий ибн Ҳарб у кишига ҳамла қилиб, темир (қилич) ила урди ва ўқиб ўтирган мусҳафларини тепиб юборди. У кишининг қонлари мусҳафнинг устига тўкилди. Савдон ибн Ҳумрон қиличини кўтариб, ҳамла қилиб келган эди, халифанинг хотини йўлини тўсди. У аёлнинг панжаларини кесиб юборди. Жиноятчилар Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуни ўлдиришганидан кейин бошини кесмоқчи бўлишган эди, қизлари ва хотинлари Ноила ва Уммул Банийнлар тўсиб қолишди»
Умида Абдуқодирова
