Чирқиллаган бойлар, баттар чирқиллаб кетишаяпди!.. Сабаби…
Tesla ва SpaceX асосчиси, америкалик тадбиркор Илон Маск иккинчи йил кетма-кет дунёнинг энг бой одамлари рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда 10 март куни Forbes журнали хабар берди.
Нашрнинг баҳолашича, унинг бойлиги икки баравар кўпайиб, 839 миллиард долларни ташкил этди. Иккинчи ўрин Google асосчиларидан бири Ларри Пейжга насиб этди, унинг бойлиги 257 миллиард долларга баҳоланмоқда. Кучли учликни унинг ҳамкасби ва Google корпорацияси ҳамэгаси Сергей Брин 237 миллиард долларлик капитал билан якунлаб берди.
Amazon эгаси Жефф Безос 2016 йилдан бери илк бор кучли учликка кира олмади ва 224 миллиард доллар билан тўртинчи ўринга тушди. Бешликни Meta компанияси раҳбари Марк Цукерберг якунлади, унинг активлари 222 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Миллиардерлар сони ортмоқда
Материалда 2026 йилги рўйхатда миллиардерлар сони сезиларли даражада ошгани қайд этилган. Журнал маълумотларига кўра, ҳозирда уларнинг сони 3428 кишини ташкил этади, бу ўтган йилга нисбатан 400 кишига кўп демакдир.
Рўйхат иштирокчиларининг умумий бойлиги 4 триллион долларга ўсиб, 20,1 триллион долларга етди. Ҳар бир миллиардернинг ўртача активлари миқдори 5,3 миллиард доллардан 5,8 миллиард долларгача кўтарилди. Ушбу рақамлар жорий йилнинг 1 март ҳолатига кўра берилган.
Маскнинг рекорди: 800 миллиардлик довон
Forbes журнали 3 февраль куни Маск тарихда бойлиги 800 миллиард доллардан ошган илк инсон бўлганини хабар қилган эди. Қайд этилишича, қиймати 1,25 триллион долларлик бирлашган компанияни ташкил этиш бўйича келишув Маскка ўз бойлигини 84 миллиард долларга ошириш имконини берган ва натижада унинг капитали рекорд даражадаги 852 миллиард долларга етган.
