Биласизми, нега ўғил болаларни туғилиши камайди? Билмасангиз, мен биламан!..

Биласизми, нега ўғил болаларни туғилиши камайди? Билмасангиз, мен биламан!..

Глобал исиш нафақат табиатга, балки инсоният демографиясига ҳам кутилмаган таъсир кўрсатмоқда. Янги тадқиқот натижаларига кўра, ҳаво ҳарорати цельсий бўйича 20 даражадан ошганда, қиз болаларга нисбатан ўғил болалар туғилиши камайиши мумкин. Бу ҳақда PNAS журналида эълон қилинган илмий ишга таяниб Euronews хабар берди.

Тадқиқотни Оксфорд университети олимлари ўтказган. Улар Саҳройи Кабир жанубида жойлашган 33 та давлат ҳамда Ҳиндистондаги 5 миллиондан ортиқ туғилиш ҳолатларини таҳлил қилган. Натижалар шуни кўрсатдики, ҳомиладорликнинг илк босқичида юқори ҳарорат ҳомила ўлими хавфини оширади. Айниқса, эркак жинсига мансуб ҳомилалар иссиққа нисбатан сезгирроқ бўлиши мумкин.

Тадқиқот ҳаммуаллифи Абдул Ғанийнинг таъкидлашича, ҳароратнинг ошиши инсон кўпайишига фундаментал таъсир кўрсатади ва ҳатто ким дунёга келиши ёки келмаслигигача таъсир қилиши мумкин.

Олимлар 20 даражани туғилиш мутаносиблиги ўзгара бошлайдиган чегара сифатида қайд этган. Илгариги тадқиқотлар ҳам ҳомиладорлик пайтидаги юқори ҳарорат она организмининг иссиқликни бошқариш қобилиятига салбий таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатган. Агар организм сувсизланса, ҳомилага етарли қон, кислород ва озуқа моддалари етказиб берилмаслиги мумкин.

Мутахассислар фикрича, иссиқликнинг таъсири фақат она саломатлиги билан чекланмайди. Юқори ҳарорат иқтисодий имкониятларга ҳам таъсир қилиб, оилаларнинг фарзанд кўриш ҳақидаги қарорларига ҳам таъсир ўтказиши мумкин. Шунингдек, кучли иссиқ ҳаво транспорт ва тиббий хизматлардан фойдаланишни ҳам қийинлаштириши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Демографик муаммо кучаймоқда

2024 йил якунига кўра, Европанинг кўплаб мамлакатларида туғилиш кўрсаткичлари сўнгги ўн йилликлардаги энг паст даражага тушди. Демографлар ҳисоб-китобига кўра, аҳоли сони камайиб кетмаслиги учун ҳар бир аёл ўртача 2,1 нафар фарзанд кўриши керак. Бироқ ҳозирги кунда айрим давлатларда бу кўрсаткич 1,5 тадан ҳам паст бўлиб қолмоқда.

Чили Католик университети олимлари ўтказган таҳлилларга кўра, иқлим ўзгариши ва табиий офатлар концепциядан тортиб болани тарбиялашгача бўлган барча репродуктив жараёнларга таъсир кўрсатмоқда.

Мутахассислар бу жараён келажакда глобал демографик муаммоларни янада кучайтириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: