Шу уйнинг сири унга номаълум эди!..

Шу уйнинг сири унга номаълум эди!..

Бомдод намозидан кейин Умар ибн Хаттобнинг эътиборини бир нарса ўзига тортди:
Aбу Бакр Сиддиқ ҳар куни намоздан кейин Мадинанинг чеккасига бориб, кичик бир уйга кириб кетар ва бир неча соатдан кейин ўз уйига қайтар эди.
Умар Абу Бакр Сиддиқнинг қилган барча яхшиликларини деярли билар эди, аммо шу уйнинг сири унга номаълум эди.
Кунлар ўтди. Муъминлар халифаси ўша уйга боришда давом этди, аммо Умар ҳали ҳам у ерда нима қилаётганини билмас эди. Шунинг учун у бир куни Абу Бакр чиқиб кетгандан кейин уйга киришга қарор қилди, шунда ўз кўзи билан у ерда нима борлигини кўриб, ҳайратда қолди.
Умар уйга кирганида, у ерда ҳаракат қилишга қудрати етмайдиган, икки кўзи ҳам ожиз бўлган бир қария аёл ётар эди. Ибн Хаттоб кўрган манзарасидан ҳайратда қолди. У бу кўзи ожиз кампир билан Абу Бакр ўртасида қандай алоқа борлигини билмоқчи бўлди.
Умар кампирдан сўради:
— Бу киши (яъни Абу Бакр) бу ерда нима қилади?
Кампир жавоб берди:
— Валлоҳи, болам, мен билмайман. Бу киши ҳар куни саҳарда келади, уйимни тозалайди, супуради, кейин менга овқат тайёрлаб беради ва мен билан гаплашмасдан чиқиб кетади.
Абу Бакр вафот этганидан кейин, Умар ҳам кўзи ожиз кампирга ғамхўрлик қилишни давом эттирди.
Бир куни кампир унга деди:
— Дўстинг вафот этдими?
Умар ҳайрон бўлиб сўради:
— Буни қаердан билдинг?
Кампир шундай деди:
— Сен менга хурмо олиб келдинг, лекин унинг данакларини чиқармадинг. Биродаринг данагини олиб ташлаб кейин берар эди.
Шунда Умар ибн Хаттоб чўккалаб, кўзларидан шашқатор ёш оқиб машҳур сўзини айтди:
«Эй Абу Бакр! Сен ўзингдан кейин келадиган халифаларни жуда қийнаб қўйдинг».
Аллоҳ Абу Бакр ва Умардан рози бўлсин.
Дўстларингизга ҳам юборинг: