“Одамлар ўғлимни турмуш ўртоғим деб ўйлашади”
“Ўзбегимнинг қизиман”, “Ҳайрон”, “Соҳибқироним бор мани” каби қўшиқлари билан танилган хонанда Наргиза Азимова “Омон-омон” дастурига берган интервьюсида ҳаёти ва шахсий одатлари ҳақида сўзлаб берди. Унинг айтишича, табиати шундайки, у ҳеч қачон ишдан қочмайди. Келини уйда борми ёки йўқми, деб ўтирмай, уй ишларини ўзи бажараверади. Қишлоққа борганда ҳам барча юмушларни қилиб кетишини, ҳатто йўлда чиқинди кўрса ҳам олиб ташлашини айтади. У ёш кўринишига сабаб сифатида эса ҳар куни эрталаб ота-онасидан дуо олишини ва фарзандлари ҳам ундан дуо олишини таъкидлади.
Хонанданинг сўзларига кўра, унинг ўғли спортчи бўлиб, эркин кураш бўйича Ўзбекистон чемпиони ҳисобланади. Тўй ёки кўча-кўйда одамлар кўриб, баъзан уни турмуш ўртоғи деб ўйлаб қолишади. Шунда у ҳазил аралаш “хўжайиним жуда рашк қилади, эҳтиёт бўлинглар”, деб жавоб беришини айтади. Кейин эса одамлар бу йигит унинг ўғли эканини билиб, ҳайрон бўлишади. Хонанда уч нафар набираси борлигини ҳам қўшимча қилди. Унинг айтишича, бу йил катта набираси мактабга боради.
Санъатга қизиқиши эса онасидан ўтганини айтган хонанда онаси турли тилларда — ўзбек, форс, тожик ва озар тилларида чиройли қўшиқлар айтганини эслади. Бироқ ўша даврда ота-онаси унга хонанда бўлишга рухсат бермаган. Шу сабабли онаси амалга ошмаган орзуларини қизининг қўшиқларида кўраётганини айтади. Хонанда эса ёшликдан далада иш қилса ҳам қўшиқ хиргойи қилиб юрганини таъкидлади.
Наргиза Азимова саҳнада ҳамиша қизил рангдаги либос ва шу рангдаги рўмол билан чиқиш қилиши билан ҳам танилган. Мухлислар “бошқа рангли либос кийишингиз мумкинми?” деган савол берганда, у ҳозирча бундай режаси йўқлигини, аммо келажакда эҳтимол ҳаворанг либос кийиши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, буни вақт кўрсатади.
