Алҳамдулиллаҳи Роббил аламин. Вассалоту вассаламу ала саййидина Муҳаммадин ва ала олиҳи ва асҳобиҳи ажмаийн.
Аллоҳим, Сенга ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ва барча пайғамбарларга саловоту дурудларимиз бўлсин.
Аллоҳим, юртимизга, хонадонларимизга, жигарларимизга ва фарзандларимизнинг хонадонларига тинчлик, хотиржамлик, тансиҳатлик ва барака ато этгин. Қалбларимизга меҳр-оқибат, иймон ва эътиқод насиб этгин.
Аллоҳим, ҳаммамизни икки дунё саодатига эриштиргин. Иймон ва эътиқодда собитқадам бандаларингдан қилгин.
РОББИМ Аллоҳ, ишларимизга ривож, омад ва барака бергин. Эл-юртга ва бутун оламга тинчлик, хотиржамлик ва саломатлик ато этгин.
Аллоҳим, дини Исломга куч-қувват ва обрў ато этгин.
Роббим, дастурхонларимизни ҳамиша тўкин-сочин қилгин, яхши кунларга етказгин. Бу хонадонни ҳам Ўзинг фазлу караминг ила обод қилгин. Ёзилган дастурхонлар Аллоҳ йўлида бўлсин.
Ҳосил бўлган савоблардан ўтган ота-оналаримиз, бобо-момоларимиз, авлод-аждодларимиз, устозларимиз ва барча яқинларимизнинг руҳларини баҳраманд қилгин. Уларни Ўз раҳматингга олгин ва жаннатингдан жой ато этгин.
Сафардаги фарзандларимизни ва яқинларимизни Ўз ҳифзу ҳимоянгда асрагин. Фарзандларимизнинг камолини, бахтини кўришни насиб этгин.
Аллоҳим, барчамизни Байтингга чақиргин. “Лаббайка” деб умра ва ҳаж қилишни насиб этгин. Фарзандларимизни Ҳофизи Қуръонлардан қилгин.
Роббим, ҳузурингга ёруғ юз билан боргувчи бандаларингдан қилгин. Наъим ва Фирдавс жаннатларингда ўтган яқинларимиз билан бирга бўлишни насиб этгин.
Аллоҳим, билиб-билмай қилган барча катта-кичик гуноҳларимизни мағфират қилгин. Бизларни мўмин-мусулмон қилиб яратганинг учун Сенга беҳисоб шукурлар бўлсин.