Претория ва Вашингтон ўртасидаги кескинлик: ЖАР Эрон билан алоқаларни узишдан бош тортди

Претория ва Вашингтон ўртасидаги кескинлик: ЖАР Эрон билан алоқаларни узишдан бош тортди

Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) ва АҚШ муносабатлари Дональд Трамп маъмурияти даврида кескин инқироз босқичига кирди. Reuters нашрининг хабар беришича, ЖАР Халқаро алоқалар ва ҳамкорлик департаменти бош директори Зейн Дангор Теҳрон билан алоқаларни узиш учун ҳеч қандай асос йўқлигини маълум қилди.

АҚШнинг талаблари ва ЖАРнинг раддияси
Ушбу баёнот АҚШнинг янги элчиси Лео Бозеллнинг танқидларига жавоб ўлароқ янгради. Элчи аввалроқ Преториянинг Эрон билан дўстлиги Вашингтон билан муносабатларга салбий таъсир қилаётганини таъкидлаган эди. Бироқ Зейн Дангор интервью давомида Оқ уйнинг бир қатор қатъий талабларини рад этди:

Исроилга қарши геноцид бўйича халқаро суд даъвосидан воз кечиш;

Қора танлилар ҳуқуқларини кенгайтирувчи қонунларни бекор қилиш;

Оқ танли жанубий африкаликлар учун махсус «қочқинлар дастури»ни қабул қилиш.

Иқтисодий босим ва «таъсир доиралари»
Муносабатларнинг ёмонлашиши иқтисодиётга ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. 2025 йилнинг август ойида Трамп томонидан ЖАР товарларига жорий этилган 30 фоизлик бож мамлакатда ишсизликни янада ошириши мумкин. Шундай бўлса-да, Претория ўз мустақил ташқи сиёсатидан воз кечмоқчи эмас.

«Эрон билан алоқаларни узиш учун ҳеч қандай сабабимиз йўқ. Биз йирик давлатлар, жумладан, АҚШ бизни тортмоқчи бўлган «таъсир доиралари сиёсати» гирдобига тушиб қолишни истамаймиз», — дея таъкидлади Дангор.

Зиддиятнинг бошқа сабаблари
Томонлар ўртасидаги баҳс нафақат Эрон, балки ички ижтимоий масалаларга ҳам бориб тақалмоқда. Вашингтон ЖАРдаги оқ танли озчилик «таъқиб қилинаётганини» даъво қилиб, улар учун ҳар ой 4 500 та қочқинлик аризасини қабул қилишни режалаштирмоқда. ЖАР ҳукумати эса буни «имтиёзли миграция» деб атаб, халқаро ташкилотларнинг бу ниқоб остида мамлакатга киришини тақиқлаб қўйди.

Шунингдек, Дангор Ғазодаги уруш бўйича Халқаро суддаги даъвони қайтариб олиш масаласи муҳокама ҳам қилинмаслигини қатъий билдириб ўтди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: