Самарқандда бир аёл 34 йилдан бери СССР паспорти билан яшаб келгани аниқланди
53 ёшли аёл 1992 йилдан бери собиқ иттифоқ паспорти билан яшаб, паспортни янгилаш бўйича ҳеч қаерда мурожаат қилмаган. 34 йилдан сўнг унга янги паспорт берилди. Адлия вазирлиги хабарига кўра, 1972 йил 21 декабрда Нурота туманида туғилган фуқаро Кубаева Онархол Холдоровна Қўшработ тумани “Қувкалла” маҳалласида истиқомат қилиб, 1992 йилда Пайариқ тумани “Накурт” маҳалласига келин бўлиб тушган.
Фуқаро узоқ вақт давомида эътиборсизлик ҳамда оилавий шарт-шароитлар етарли даражада бўлмагани сабабли собиқ иттифоқ — СССР паспорти билан яшаб келган. Маълум қилинишича, фуқаро мазкур масала бўйича аввал маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари, ички ишлар ёки ФҲДЁ органларига мурожаат қилмагани сабабли СССР паспортини Ўзбекистон фуқаролик паспортига алмаштирмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўшработ ва Пайариқ туман адлия бўлимлари ҳамда Пайариқ туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан ҳамкорликда зарур чоралар кўрилди. Натижада 2026 йил 14 март куни фуқаро Онархол Кубаевага Ўзбекистон фуқаросининг ID-картаси расмийлаштириб берилди.
