Истанбулда яна бир ўзбекистонлик аёл бўлаклаб ўлдирилган. Қотил эса кутилмаган инсон бўлиб чиқди…
Истанбулда 2019-йилда бедарак йўқолгани ҳақида хабар берилган 36 ёшли Ҳуррият Турсунбоева аслида турмуш ўртоғи томонидан ўлдирилгани маълум бўлди. Бу ҳақда маҳаллий НТВ хабар берди.
Маълумотларга кўра, эркак қотилликдан сўнг рафиқасининг жасадини бир ой уйида сақлаган, сўнг уни чиқиндига ташлаб юборган. Ушбу жиноят Истанбул политсиясининг “Йўқолган шахслар бюроси” қошида ташкил этилган махсус гуруҳ томонидан аниқланган. Гуруҳ 2019-йилда марҳуманинг опаси Севара Зоҳидова томонидан берилган аризани етти йил ўтиб қайта кўриб чиққан.
Тергов доирасида аёлнинг Малтепе раёнидаги қўшнилари сўроқ қилинган. Унинг турмуш ўртоғи, 37 ёшли Эрсин Й. қўшниларга хотини депортатсия қилинганини айтган. Қўшнилар эса ўша пайтда хонадондан жуда ёмон ҳид келганини эслаган. Эрсин Й. қўшниларига бу ҳидни “уйда кабутар боқаётгани” билан изоҳлаган.
Текширувлар натижасида аёлнинг Туркиядан чиқиб кетгани ҳақида ҳеч қандай маълумот топилмаган. Аксинча, унинг номидаги телефон ўша йилларда мамлакат ичида фаол бўлган. Опасининг кўрсатмасига кўра, эр-хотин ўртасида мунтазам равишда жанжаллар бўлиб турган.
Эрсин хотини “бедарак йўқолганидан” кўп ўтмай, “мени ташлаб кетди” деган важ билан ажримга ариза берган. 2024-йилда эса аёл 5 йил давомида судга келмагани (чунки у ўлдирилган бўлган) сабабли ажрим расмийлаштирилган. Шунингдек, эркак дўсти Анил Й.нинг ҳужжатларидан фойдаланиб яшириниб юргани ва хотинининг СИМ картасини фаол сақлаб, тўловларини амалга ошириб келгани аниқланган.
Эр-хотиннинг ўша пайтда икки фарзанди бўлган, улар Эрсин Й.нинг ота-онаси томонидан тарбияланган. Прокуратура рухсати билан хонадонда луминол (яширин қон изларини аниқловчи модда) ёрдамида текширув ўтказилиб, ошхона ва балкон қисмларида етти йил олдинги қон излари топилган.
Гумонланувчи Эрсин Й. 2026-йил 9-март куни Грузиядан Туркияга кириб келаётганида чегара пунктида қўлга олинган. У билан бирга унинг дўсти Анил Й. ҳам ушланган. Сўроқ пайтида Эрсин Й. жиноятни тан олган ва жанжал вақтида хотинининг бошига таёқ билан уриб ўлдирганини айтган.
Эркак жасадни балкон чордоғида бир ой сақлаган, ҳидни камайтириш учун қум ва калсий сепган. Кейин эса жасадни бўлакларга бўлиб, учта халтага жойлаб, уйидан 50 метр узоқликдаги чиқинди контейнерига ташлаган.
Жиноят сабаби ҳақида сўралганда, у қайнопаси унга хотининг собиқ севгилиси билан тушган шахсий суратларини юборганини айтган. Шунингдек, Севара синглиси турмушга чиққанидан кейин ҳам севгилиси билан алоқани узмаганини таъкидлаган. Эрсин Й. шу маълумотлар сабабли келиб чиққан жанжал устида қотиллик содир этганини билдирган.
Суд қарори билан Эрсин Й. ҳибсга олинган. Унга ёрдам берганликда гумон қилинган дўсти Анил Й. эса суд назорати остида қўйиб юборилган. У қотилликдан бехабар бўлганини, фақат шахсий гувоҳномасини бериб, ёрдам қилганини билдирган.
Аввалроқ Истанбулда туркиялик эркак ўзи билан бирга яшаган ўзбекистонлик аёлни ўлдирганди. Шунингдек, Туркияда ўзбекистонлик аёл уйнинг тўртинчи қаватидан тушиб кетганди.
