Зеленский Нетаньяхуга таклиф билан чиқди
Украина президенти Владимир Зеленский Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху билан музокараларга тайёр эканини билдирди. Унинг айтишича, Исроил томони аллақачон мулоқот ўтказиш ташаббуси билан чиққан.
💬 «Унда менга керакли нарса бор, менда эса унга керакли нарса бор. Шунинг учун мен бу мулоқотга тайёрман», — деди Зеленский The Jerusalem Post’га берган интервьюсида.
Украина президентининг асосий «козири» — ироний дронларга қарши кураш бўйича тўпланган тажриба. Гап Shahed дронлари ҳақида бормоқда, Украина уларга Россия билан уруш давомида дуч келган, ҳозир эса бу дронлар Яқин Шарқда қўлланилмоқда.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши фонида Украина тажрибасига халқаро талаб кескин ошган. Киев аллақачон Форс кўрфази давлатларига ҳарбий мутахассисларни юбориб, дронларга қарши ҳимоя, радиоэлектрон кураш ва ускуналар етказиб бериш масалалари бўйича маслаҳатлар бермоқда. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украинага ўндан ортиқ сўров келиб тушган.
Шу билан бирга, Киев ўз тажрибасини бепул тақдим этмоқчи эмас. Зеленский АҚШ билан 35–50 миллиард долларлик келишув имзолашни исташини айтди. Бироқ АҚШ президенти Дональд Трамп 13 март куни бу таклифни рад этиб, Америка Эрон дронларига қарши Киев ёрдамисиз ҳам кураша олишини билдирган. Зеленский эса буни «риторика» деб баҳолади.
Бу ҳамкорлик таклифи Эрон билан муносабатларни янада ёмонлаштирган. Эрон депутати Эбрагим Азизи огоҳлантиришича, агар Украина Исроилга дронлар соҳасида ёрдам берса, у «амалда урушга кирган» ҳисобланади ва ўз ҳудудини Эрон учун қонуний нишонга айлантиради.
