Ўлик билан гаплашдим. Ростдан худди шундай бўлди!..
Screenshot
Бугун Япониядаги энг ғаройиб ҳодисалардан бирига гувоҳ бўлиб қолдим. Шуни сизларга ҳам айтиб беришни истади бу суюқ кўнгил.
Биз билан бирга ишлайдиган бир япон ҳамкасбимиз онасининг дафн маросимига таклиф қилди. Компаниямиз бошлиғи ва мен бирга бордик. Шу пайтгача бир қанча дафн маросимлари ва тўйларда бўлганман. Бир латифа бор-ку: «Ўрдакни асфальт текислайдиган машина босиб кетса, қанотини қоқиб: „Мана буни эр деса бўлади“, дермиш». Шунга ўхшаб, бугунги дафн маросими ҳам маросимларнинг энг «зўри» экан.
«Бировнинг онаси ўлса-ю, бунинг кулишини қара!» дейдиган қишлоғимиздаги Мардон кўмирқалбларга ўхшаганлар, бироз шошмай туринг. Ҳозир ҳаммасини ётиғи билан тушунтириб бераман.
Хуллас, маросимга бордик. Японияда дафн маросимини «Осоушики» дейишади. Одатда 30–40 киши таклиф қилинади. Залдаги ҳар бир стол атрофида 5–6 киши ўтириб овқатланишади. Тўрда марҳумнинг катта сурати ва тагида гуллар туради. Ҳатто монитор қўйилиб, марҳумнинг видеолари ва суратлари намойиш этилади.
Биздагидек рўмол учини тишлаб, «Вой, овсинжоним-ей, мени кимларга ташлаб кетдингиз?» деб ҳўнграб йиғлашлар йўқ. Йиғилганлар бирма-бир сўзга чиқиб, марҳум билан боғлиқ ширин хотираларни эслашади. Илтифотлар айтилади. Биздаги «Биродарлар, фалончи бобо қандай одам эди?» деган саволнинг кичикроқ варианти.
Маросим давом этяпти. Сўзга чиқаётган японлар фикрларини бир япон кампирга қараб айтишяпти. У аёл ҳам жуда кўнгли бўш экан, ҳўнг-ҳўнг йиғлаяпти. «Бу аёл марҳумнинг катта қизи ёки ҳамкасбимизнинг опаси бўлса керак», деган фикр миямда ғужғон айланди. Ишонч ҳосил қилиш учун расмга ва бояги йиғлаётган аёлга қарадим. Бир-бирига жуда ўхшайди. «Ҳа, аниқ қизи. Миянгга балли, Ниппоний!» деб қўйдим ўзимга-ўзим.
Энди чуқур нафас олинг. Яшаб юрсак, кўраверар эканмиз. Энг қизиғи — ҳалиги ўлган деб ўйлаганим ва марҳумнинг қизи деб тахмин қилган кампирим битта одам экан! Ўлди деб расми осиб қўйилган, дафн маросими қилинаётган кампир аслида тирик экан! Бир лаҳза миям ва ақлим «шартномани бекор қилиб» юборди.
Кейин билсам, япон маданиятида ўлимидан олдин ўз дафн маросимини ўтказадиганлар бор экан. Бу одат «Сеизенсо» деб аталаркан. Бугунги япон кампири ҳам тириклигида ўз дафн маросимини қилибди-да!
Бундан мурод нима? Асосий сабаби — Японияда дафн маросими харажатлари жуда катта. Кўпинча яқинларининг бунга қурби етмайди. Шунинг учун тириклик чоғидаёқ ўз маросимини ўзи ўтказиб, яқинларига оғирлик туширмасликни исташади. Яна бир сабаби — ўлимдан қўрқиш ҳиссини камайтириш ва маросимни ўз хоҳишидагидек ўтказиш.
Баҳодир Ниппоний
