Чак Норрис вафот этди

Чак Норрис вафот этди

Актёр Чак Норрис вафот этди. Бу ҳақда унинг оиласи Instagram’да маълум қилди.

“Гарчи бу ҳолат тафсилотларини сир сақлашни истасак-да, шуни билингки, у оиласи қуршовида эди ва осуда жон берди”, деб ёзди унинг оиласи.
Дастлабки маълумотларга кўра, каратэ машғулоти пайтида актёрнинг тоби қочган. Шу сабаб 19 март куни Гавайи штатининг Кауаи оролида зудлик билан касалхонага ётқизилган эди.

10 март куни Чак Норрис 86 ёшни қаршилаганди. Айнан шу куни у Instagram саҳифасида бокс машғулотидан видеолавҳа эълон қилганди.

“Менинг ёшимда қоматни сақлаш қийин. Ахир, энди ёш эмасман. Аммо тўхтамаслик керак, акс ҳолда қарилик ўз ҳукмини ўтказади ва мен бир ҳовуч тупроққа айланаман. Мен ўзимнинг идеал кўрсаткичларимдан йироқман, шунинг учун ўзим учун шуғулланаман ва бундан мамнунман”, дея тан олганди Норрис.

Чак Норрисга 1993-йилдан 2001-йилгача CBC телеканалида намойиш этилган “Қаҳрамон Уокер: Техасча адолат” сериалидаги Корделл Уокер роли бутун дунёда танилди. Шунингдек, у 1972-йилда “Аждаҳо йўли”, 1983-йилда “Ёлғиз бўри Маккуайд”, 1985-йилда “АҚШга босқин” каби фильмларда суратга тушган.

1960-йилларнинг охирида Чак Норрис ўзининг жанг санъати услубини ишлаб чиқиб, патентлади ва уни “чункундо” деб атади. Бу каратэ, таэквондо, дзюдо ва жиу-жицу аралашмаси эди. 2015-йилда бу услуб “Чак Норрис тизими” деб қайта номланди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: